Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

2021 йил Самарқандда маҳаллийлаштириш даражаси 51 фоизга етади

Хориждан келтирилаётган маҳсулотларни кескин камайтириш, уларни ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, импорт товарларни маҳаллийлаштириш мамлакат иқтисодий фаровонлигининг асоси ҳисобланади.

Афсуски, жорий йилнинг ўтган 9 ойида вилоятимизда ҳудудий импорт ҳажми 595,1 миллион долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 136,8 миллион долларга ёки 29,9 фоизга ўсди. Шу даврда импортёрлар сони 550 тага ошиб, 1559 тани ташкил этди. Импорт қилинган товарлар сони 2352 тага етиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7 фоизга юқорилади. Ҳудудий импортда озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотларининг улуши 67 фоизга, ўтган йилнинг шу даври билан солиштирилганда 48,3 фоизга ошган. Бу маҳсулотлар 22,3 миллион долларга импорт қилиниб, 2018 йилнинг 9 ойига нисбатан 18 миллион долларга камайган.

Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида “Маҳаллийлаштириш – жадал ривожланаётган Ўзбекистоннинг янги саноат тизими” мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида маълумот берилди.

Вилоят ҳокимининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича ёрдамчиси Нозир Ибрагимов 2019 йилнинг ўтган 9 ойида ҳудудий импортнинг республикадаги улуши 6,21 фоиз кўрсаткичда эканини қайд этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 0,63 фоизга камайганини таъкидлади.

- Ишлаб чиқарувчи учун асосий муаммо маҳсулотини сотишда кузатилади, - дейди Н.Ибрагимов. – Шу боис Президентимизнинг 2019 йил 1 майдаги “Саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талабларидан келиб чиқиб, cooperation.uz электрон кооперация биржа портали ишга туширилди ва ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари жойлаштириб борилмоқда. Маҳаллийлаштириш дастури асосида 11 та корхонада 28 та лойиҳа амалга оширилиб, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида 152,4 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Дастур асосида 2020 йилда 155,8 миллиард ва 2021 йилда 287 миллиард сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қўшимча лойиҳалар ўрганилди. Маҳаллийлаштириш даражаси эса 2020 йилда 34,6 фоизга, 2021 йилда эса 51 фоизга етказиш режалаштирилган.

Матбуот анжуманида Н.Ибрагимов журналистларнинг саволларига батафсил жавоб берди.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.