Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

90 децибелгача етадиган шовқинда кўриш қобилияти 25 фоизгача камаяди

Субҳидам. Осойишталик. Баргларнинг майин шивирлаши, сувнинг шилдираб оқиши эшитилади. Аҳён-аҳёнда қушларнинг «чуғур-чуғури» қулоққа чалинади. Мана шундай майин товушлар табиий бўлиб, одамга сув ва ҳаво каби зарурдир.

Японияда атроф-муҳитни қамраб олган шовқин-сурон тўлқини ҳақида кўп гапиришади. Мутахассислар бу – жаҳондаги ҳал этилиши лозим бўлган муҳим масалалардан бири деб ҳисоблайди. Уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, японияликлар мунтазам равишда 65 децибел кучга эга бўлган шовқин-сурон таъсирида яшамоқдалар. Белгиланган нормага кўра 40 децибелдан ошмаслиги керак.

- Асаб касаллиги, қон босимининг ошиб кетиши, сезги қобилиятини йўқотиш каби кенг тарқалаётган касалликлар мунтазам шовқин-сурон тўлқини оқибатидир, – дейди Каттақўрғон шаҳар поликлиникаси бош врачи Суннатилло Усмонов.

…Яқинда Америкада чиқадиган газеталардан бирида қизиқ хабар эълон қилинди. Филадельфияда яшовчи Дроротея Ларусо юз ёшга тўлган кунини жуда бардам, соғлом ва хушчақчақ кайфиятда кутиб олди. Журналистлар ундан узоқ умр кўриш сирини сўраганларида «Йигирма беш ёшимдан буён карлигим яъни, эшитишдан маҳрумлигим боис мен шаҳар шовқинини мутлақо эшитганим йўқ. Шунинг учун узоқ умр кўрдим», деб жавоб берди.

Тунги сукунатда нарсалар шовқини узоқ-узоқларгача етиб боради. Самолётнинг ғувиллаши 40 километргача, трамвай ва поезднинг товуши 4-5 километргача, автомашиналар ҳаракати 2 километргача, от туёғининг тақиллаши эса 500 метргача етиб боради.

Кундузи, асосан, сунъий шовқинлар ҳукмронлик қилади. Товушлар минглаб транспорт воситалари ҳаракати натижасида пайдо бўлади. Бу сунъий товушлар маълум даражагача инсон саломатлигига зарар етказмайди. Секин товуш - 40, ўрта товуш - 50 децибелга баробардир. Шу кучга эга бўлган шовқинлар, масалан юқорида айтиб ўтилган товушлар, мусиқа ва ашула инсон қулоғига ёқади. Борди-ю, товушлар кучи ва уларнинг йиғиндиси 60-80 децибелдан ошиб кетса, одам безовталанади.

Маълум бўлишича, шовқин гуллар ўсишини 47 фоизга камайтиради. Ўсимликлардан бири поезд йўли яқинида 100 децибел кучдаги шовқин «ўқига» тутилади. У ўн кун ўтгандан сўнг қуриб қолади. Кучи 90 децибелгача етадиган шовқин вақтида кишининг кўриш қобилияти 25 фоизгача камаяди. Очилиб турган ниҳол аста-секин сўнади. 130 децибеллик шовқин кишини муқаррар касал қилади.

Абдуазиз ҲОШИМОВ.