Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Алишер Усмонов Сардобадаги сув тошқини оқибатларини бартараф этиш учун 10 миллион доллар ажратди

Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов “Сардоба” сув омборида содир бўлган фожиа оқибатларини бартараф этиш учун Ўзбекистонга 10 миллион АҚШ доллари ўтказди.

У Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга ёзган хатида бу ҳақда маълум қилди.

"Болалигим ва ёшлик йилларим ўтган она юртимдаги ака-укаларим ва опа-сингилларим билан ҳозирги эпидемиологик қийинчиликларга шерик бўлар эканман, “Сардоба” сув омборида содир бўлган фожиа ҳақидаги хабарни, шунингдек, уни одамларимиз муносиб ва мардона қабул қилганлигини қалбимда оғриқ билан ҳис қилдим.

Муқаддас Рамазон ойида Аллоҳнинг ўзи мени Ватанимга чорлади. Зеро бу кунларда биз ёрдамга муҳтож одамларга алоҳида ғамхўрлик қилишимиз ва кўмак беришимиз керак. Биз қувончли дамларда ҳам, бошга ғам-ташвиш тушганда ҳам, бир-бирмизни елкама-елка туриб қўллаб-қувватлаймиз.

Мен халқимизнинг тақдирига бефарқ қараб тура олмайман ва шу сабабли сув тошқинидан жабрланганлар турмушини тиклаш ва яхшилаш, талафот оқибатларини тезкорлик билан бартараф этишга ёрдам кўрсатиш учун 10 миллион доллар беряпман.

Мен халқимизнинг дуоларига қўшилиб, уларнинг бошига тушган кутилмаган синовлардан тезроқ халос қилишини Аллоҳдан сўрайман".

Алишер Усмонов, шунингдек, сув тошқини оқибатида эвакуация қилинган Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Мақтаарал туманидаги 30,42 минг кишига ёрдам учун 5,202 миллион доллар ўтказиб берди.