Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Алломалар ҳайкали янги бино ичида қоладими?

Кўп йиллар олдин Самарқанд тумани маркази Гулобод қўрғонига кўчирилгач, бу ерда бош режага асосан янги бинолар қуриш билан биргаликда Иккинчи жаҳон уруши, Афғон заминида ҳалок бўлган байналмилал жангчилар хотирасига ёдгорликлар ўрнатилди.

Шунингдек, ўзбек ва тожик халқларининг азалий дўстлиги рамзи сифатида Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳайкаллари ўрнатилди. Бу ишларда озми-кўпми ҳиссам қўшилганидан ҳалигача фахрланиб юраман.

Аммо кейинги пайтда Гулобод қўрғонини янада обод қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлар, янги бино ва иншоотларнинг қурилиши туфайли буюк алломаларимизнинг ҳайкаллари бошқа жойга кўчирилганди.

Яқинда туман марказига тушгандим. Навоий ва Жомий ҳайкаллари ўрнатилган ҳудудда янги бино қурилаётган экан. Ёдгорлик эса қурилиш ишлари олиб борилаётган объектда турибди.

Наҳотки, улуғ алломаларимиз учун Самарқанд тумани марказида муносиб жой топилмаётган бўлса. Ахир, аввало, ҳайкални бошқа жойга кўчириб, кейин қурилиш ишларини бошлаш мумкинку? Бу аждодларимиз хотираси ва ўтмишимизга нисбатан ҳурматсизлик эмасми? Ёшларга шу ҳаракатимиз билан ибрат бўламизми?

Шуҳрат Давронов,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган архитектор.