Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Андишанинг оти қўрқоқ эмас

Ўзбек миллатининг тарихи, анъаналари, урф-одатлари жуда узоқ ўтмишга бориб тақалади. Қанчадан-қанча буюк алломалар ва шоирларни тарбиялаган юрт бу. Ҳатто Иккинчи жаҳон уруши даврида ҳам ўзининг бағрикенглиги, меҳмондўстлиги ва меҳр-муҳаббати билан бугунги кунга қадар улуғланиб келаётган халқдир. Ўзлигимизни, динимизни, маданиятимизни ва тилимизни йўқотмоқчи бўлдилар. Қанчадан-қанча инсонлар ўз жонидан кечиб курашди.

Тарихга бир назар ташлайлик. Иккинчи жаҳон урушида ўзбеклар, миллатидан, ирқидан, келиб чиқишидан қатъий назар бағрини очиб уйсизларга ўз уйларидан жой бериб, боқувчисини йўқотганларга ғамхўрлик қилди. Шомаҳмудовлар оиласи мисолида ўзбек халқининг инсонпарварлиги қай даражада эканлигини билиш мумкин.

Қора кунлар ҳам ўтди. Ўзбек халқи осмонида қуёш чарақлади. Мустақилликдек буюк неъматни қўлга киритмасданоқ, ўзбек тилига давлат тил мақоми берилди ва бу сана тарих зарварқаларидан жой олди. Бугунги кунгача айрим хато ва камчиликлар бўлди, буларни бартараф этиш учун ташланган қадамлар бошланган бир пайтда, кеча бағримизни очиб кутиб олган инсонларнинг авлоди бугун бизнинг Она тилимизга нисбатан ўз тазйиқларини ўтказишга ҳаракат қилмоқда.

Кеча ижтимоий тармоқларда "Пушкин тилига жарима қўллашмоқчи", деб чиқилди. Бугун эса сиёсий минбардан туриб, йўқ маълумотларга таяниб, Захарова чиқди. Мана уруш тугаганига 75 йил бўлди. Нега бу Захарова сиёсий минбардан туриб, ўзбекларнинг уруш даврида қилган матонати, хатти-ҳаракатлари ҳақида гапирмайди-ю, ички сиёсатига аралашади? Ким ҳуқуқ берган?

Давлатимиз суверен-демократик давлат. Унинг ички сиёсатига четдан туриб ҳеч кимнинг аралашишга ҳақи йўқ. Бугун янада юксак марраларга эришаётган юртимизда бунақа аралашувлар ва осмондан маълумот олиб чиқиш катта бир ташкилот ходимига ярашмайди. Адлия вазирлиги томонидан таклиф қилинаётган бу ўзгартириш аслида ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кундаёқ қилиниши керак бўлган ҳолат, деб биламан ва буни тўлиқ қўллаб-қувватлайман.

Индамаганимиз қўрқанимиздан эмас, аксинча андишали халқ эканлигимиздан. Шундай экан, андишани отини қўрқоқ қўйманг. Она тилимизни авайлаб-асраш ва келажак авлодга тўла-тўкис етказиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Президентимиз такидлаганидек, "Она тилимиз – миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғидир. Шундай экан, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир".

Бугунги кунда ўзбек тилида сўзлашувчилар сони 50 миллионга яқин, сўзлашувчилар сони бўйича дунёда 27-ўринда, 6 та барқорор туркий тилдан иборат. Дунёнинг 60 га яқин университетларида, 100 дан ортиқ мактабларида ўзбек тили ўқитилади. Буюк ёзувчимиз Абдулла Қодирий таъбири билан айтганда, “Ўзбек тили камбағал эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал”.

Адлия вазирлиги томонидан берилган таклиф, албатта она тилимизнинг мавқеини янада оширади.

Б.ХОЛМУҲАММЕДОВ,

Самарқанд вилояти ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, қонун ҳужжатларига риоя этиш масалалари бўйича маслаҳатчиси.