Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Анқаранинг 8 та кўчаси Самарқанд номи билан аталар экан

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Анқара шаҳри ҳокими Мансур Яваш бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Ўзаро мулоқот давомида икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди, деб хабар беради пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати.

Тошкент шаҳар ҳокими охирги уч йилда Ўзбекистон ва Туркия муносабатларида янги давр кузатилаётганини қайд этди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Туркияга ташрифи давомида 30 дан ортиқ лойиҳаларни амалга ошириш борасида 3,5 миллиард доллар ҳажмдаги битимлар имзоланди, қатор соҳалардаги алоқалар ривожланиб бормоқда.

Анқара шаҳри ҳокими Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакилларига самимий ва дўстона меҳмоннавозлик учун миннатдорчилик билдириб, икки давлат ва икки шаҳар ўртасидаги муносабатларнинг тараққий этиши ўзаро манфаатли эканлигини таъкидлади. Савдо-иқтисодий ва инвестиция алоқалари кенгайиб бораётгани, Ўзбекистонда 500 га яқин турк фирма ва компаниялари фаолият юритаётгани, ўзаро савдо айланмаси икки миллиард АҚШ долларига етганини эътироф этди.

16 сентябрь Тошкент ва Анқара муносабатлари тарихида унутилмас кун сифатида муҳрланди. Икки шаҳар ҳокимлари қардошлик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликни янги поғонага олиб чиқишга хизмат қилувчи муҳим ҳужжат - “Биродарлашув алоқаларини ўрнатганлик ҳақида”ги меморандумни имзолади.

Тошкент шаҳри ҳокими бу ҳужжат азалдан дўст ва ҳамфикр бўлган икки давлат, икки шаҳар ўртасидаги алоқалар истиқболида ниҳоятда аҳамиятли эканлиги, иқтисодиёт, саноат, шаҳарсозлик, санъат, маданият ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Мансур Яваш айни пайтда Анқарада Ўзбекистон номли 3 та, Тошкент деб юритилувчи 12 та, Самарқанд номли 8 та, Бухоро деб аталувчи 11 та кўча борлигини айтиб, ўзаро дўстлик ва биродарлик тимсоли сифатида Тошкентдаги кўчаларнинг бирини «Анқара» деб номлашни таклиф этди. Шунингдек, ҳамкорликка оид бошқа таклифларни билдирди.

Анқара шаҳри ҳокими етакчилигидаги делегация Тошкентнинг диққатга сазовор масканларида бўлиб, пойтахт тарихи, тараққиёти ва бугунги манзаралари билан танишди.