Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Банкка кредитни қайтаришда имтиёзли давр берилади

Президентимизнинг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан вилоятимиздаги мавжуд тижорат банкларида мижозларнинг молия муассасаларига ташрифини камайтириш ва масофавий банк каналларидан, шу жумладан интернет-банкинг, тижорат банкларининг мобиль иловалари, банкоматлар, банкнинг автоматлаштирилган депозит машиналари ва автоматлаштирилган айирбошлаш банкоматларидан фойдаланиш йўлга қўйилмоқда.

Тижорат банкларининг мобиль иловалари орқали Сиз банк филиалига бормасдан туриб:

-  онлайн микроқарзлар расмийлаштиришингиз;

-  коммунал ва бошқа хизматлар учун тўловларни амалга оширишингиз;

-  ҳар қандай банкларнинг кредитлари бўйича қарздорликларни қайтаришингиз;

-  Халқаро тўлов тизимлари (Visa/UnionPay) карталарини очишга буюртма беришингиз;

-  хорижий валюталарни онлайн сотиб олишингиз ва сотишингиз;

-  халқаро пул ўтказмаларини масофадан туриб банк карталарига қабул қилишингиз;

-  банкларнинг исталган карталарига пул ўтказишингиз;

-  ортиқча пул маблағларни омонатга қўйишингиз ва уларни ечиб олишингиз мумкин.

Ҳозирда вилоятимизда 408 та банкомат (“Ҳумо” тизимида 216 та, “Узкард” тизимида 192 та) ва 61 та автоматлаштирилган айирбошлаш банкоматлари ишламоқда. Тижорат банклари кассаларида етарли миқдорда нақд пул захиралари мавжуд бўлиб, узлуксиз равишда банкоматлар нақд пул маблағлари билан таъминланмоқда.

“Ҳумо” тўлов тизимида ишловчи терминаллар ва банк карталари орқали 50 000 сўмгача бўлган харидлар учун тўловларни контактсиз (карточкани қўлдан-қўлга бермаган ҳолда, пин кодни термасдан амалга ошириш) имкони мавжуд.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти нақд пуллардан фойдаланиш вирус тарқалишига олиб келувчи каналлардан бири бўлиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотига кўра, коронавирус пандемияси даврида вируснинг нақд пуллар орқали инсондан инсонга юқишининг олдини олиш мақсадида Марказий банк томонидан жорий йилнинг 24 мартидан барча банк муассасалари банк кассаларига келиб тушган нақд пуллар қайта саналиб, мультивак аппарати ёрдамида ўраб-боғлангандан сўнг камида бир ҳафта муддатда пул омборхоналарида алоҳида сақлангандан сўнг чиқим қилиш юзасидан кўрсатма берилган. Ҳозирда Марказий банкнинг вилоят бош бошқармаси ва тижорат банклари филиалларида мазкур талаб ижроси бўйича зарурий чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, кредитларни қайтариш муддатлари графикларини кечиктириш бўйича ҳам муайян ишлар ташкил этилди. Хусусан, коронавирус пандемияси ҳолатлари устувор равишда салбий таъсир қилаётган соҳалар, жумладан меҳмонхона ва туризм хизмати, транспорт, хусусий таълим, спорт, кўнгилочар масканлар ва маиший хизматлар кўрсатиш, умумий овқатланиш, фаолияти экспорт-импорт билан боғлиқ бўлган ишлаб чиқариш соҳаларидаги тадбиркорлик субъектларига график бўйича қарздорликлари муддатини узайтириш (реструктуризация) бўйича амалий чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, Марказий банк томонидан барча кредит ташкилотларига 2020 йил 1 октябрга қадар:

- жорий этилган карантин режими фаолиятига салбий таъсир кўрсатган қарздор - жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг мурожаатларига асосан реал даромадлари ва имкониятлари ҳамда вақтинчалик молиявий қийинчиликларни бартараф этиш муддатларидан келиб чиқиб, кредит бўйича тўловларини қайтариш юзасидан имтиёзли давр бериш масаласини кўриб чиқиш;

- жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг муддати ўтган қарздорликлари кечиктирилишида жарима санкцияларини қўлламаслик ҳамда ундирувни кредит таъминотига қаратмаслик борасида тавсиялар берилди.

(Шу ўринда қарздорликларнинг фақат тўлов муддати маълум муддатга кечиктирилаётганлигига урғу бериб ўтмоқчимиз. Яъни, қарздорликлардан воз кечилмайди, фоизлар ҳисоблаш тўхтатилмайди).

Марказий банкнинг вилоят бош бошқармаси ахборот хизмати.