Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Беларуслик мутахассислар қўшма корхона очишда СамВМИ билан ҳамкорлик қилади

Самарқанд ветеринария медицинаси институтига Беларусь Республикаси Витебск “БелВетУниФарм” ишлаб чиқариш корхонаси мутасаддилари Александр Ляховский ҳамда Дмитрий Кулишовлардан иборат делегация ташриф буюрди.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларида биофармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича етакчи ўринда турувчи мазкур корхона айни кунда Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг янги босқичини амалга оширмоқда.

Айни кунда мамлакатимизда ветеринария препаратлари ишлаб чиқаришни замон талаблари даражасида модернизация қилиш, чорва ҳайвонлари ва паррандаларда қайд этилаётган турли юқумли ва юқумсиз касалликларнинг диагностикаси, даволаш ва уларга қарши курашнинг илмий асосланган тизим ва воситаларини жорий этиш, бу йўлда хорижий ҳамкорларнинг тажриба ва малакаларидан фойдаланиш, қолаверса, илмий ва амалий ҳамкорликни кенг миқёсда йўлга қўйишга ҳукумат даражасида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Ўзбекистоннинг энг яқин ҳамкорларидан бири бўлган  Беларусь Республикасининг Витебск вакцина ишлаб чиқариш корхонаси томонидан 154 турдаги ветеринария дори воситалари, антибактериал, паразитларга қарши, витамин-озуқа қўшимчалари ва ҳоказо препаратлар ишлаб чиқарилмоқда. Улар минтақадаги деярли барча давлатларга экспорт қилинади.

Мазкур ташрифдан кўзланган мақсад келгусида мамлакатимизда худди шундай турдаги дори маҳсулотлари чиқарувчи Беларусь-Ўзбекистон қўшма корхонасини ташкил этиш ва бу йўлда Самарқанд ветеринария медицинаси институти ҳамда ветеринария илмий-тадқиқот институтларининг олимлари ва тадқиқотчилари билан ҳамкорлик қилишдан иборат.

Учрашувда билдирилган таклифлар маъқулланди ва бугун мамлакатимизда ветеринария препаратларига талаб юқори бўлиб, дори воситаларини ишлаб чиқаришнинг илғор технологияларини ўзлаштирган ҳолда дори маҳсулотларини ҳалқаро талабларга мувофиқлаштириш ва стандартлаштириш зарурат эканлиги таъкидланди. Шунингдек, институтда жорий этилиши кутилаётган янги лойиҳа - Таълим Кластерида бу амалиёт ижобий натижа бериши мумкинлиги мутахассислар томонидан эътироф этилди. Кластерга 4 та илмий-тадқиқот институтларининг жалб этилиши ҳамкорликнинг самарадорлигини таъминлайди.

СамВМИ ректор таклифига кўра, Витебскда қўшма дастур асосида таълим олаётган талабаларга ўқув-малака амалиётини “БелВетУниФарм” корхонасида ўташ имконияти яратилади.

Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА.