Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бир шикоят изидан: Бойқишлоқликлар муаммо ҳал этилгунича ариқдан сув ичадими?

Таҳририятимизга Ургут тумани Сариқтепа маҳалласи Бойқишлоқ қишлоғида яшовчи фуқаролардан шикоят аризаси келди. Унда, жумладан, шундай дейилади:

- Бизни ичимлик суви муаммоси қийнайди. Кўп йиллардан буён тоғ бағридан чиқадиган, одамлар тилида Кўрбулоқ номи билан айтиладиган чашма сувидан фойдаланамиз. Ёмғир-қор кўп ёққан йиллари бу чашмада сув кўпайиб, аҳоли эҳтиёжини қондириб туради. 1970 йилгача қишлоқда аҳоли кам бўлгани учун сув етарли эди. Аммо кейинги йилларда қишлоқ кенгайиб, ёғингарчилик кам бўлаётгани туфайли қишлоқ аҳолисига тоза ичимлик суви етмаяпти. Гоҳида сув йўқлигидан аҳоли ариқдаги сувдан фойдаланишга мажбур бўлмоқда.

Мурожаатни ўрганиш учун Сариқтепа маҳалласида бўлдик.

- Ёшим 82 да, эсимни таниганимдан буён шу чашмадан сув ичамиз, - дейди Абдуалим Ҳасанов. – Кейинги пайтда қишлоғимиздаги 340 хонадонни ичимлик суви муаммоси қийнаяпти. Айниқса, биз каби асосий даромади боғдорчилик ва чорвачилик бўлган аҳоли учун сув йўқлиги энг катта муаммо. Қишлоқдан 300 метр нарида захира ҳовузда доимий сув бор, аммо у фақат ишлаб чиқариш корхоналарига берилади. Шу ҳовуздан, ҳеч бўлмаса, 3 жойдан аҳоли учун сув чиқариб беришса муаммога ечим топиларди.   

Ҳақиқатан ҳам одамлар уст-боши юпун бўлса чорасини топади, электр бўлмаса шам ёруғидан фойдаланади, аммо сув бўлмаса бунга чора топиш мушкул.

- Маҳалламизда 5 750 дан ортиқ аҳоли, 1 270 оила бор, - дейди Сариқтепа маҳалла фуқаролар йиғини раиси Чоршаъм Муродов. – 2018 йилда “Обод қишлоқ” дастури асосида 4,3 километр ички йўлга тош тўшалди, 80 фоиз эски симёғочлар янгисига алмаштирилди, 6 та сув иншооти қурилди. Лекин юқорироқда жойлашган Бойқишлоқ эътибордан четда қолди. Бу қишлоқ Кўрбулоқ чашмасидан сув ичади. Аҳоли ҳашар йўли билан чашмадан 3 километр масофага қувурлар билан сув келтирган, лекин ёз фаслида булоқ суви камайиб кетиши туфайли аҳолига сув етмай қолади. Қолаверса, 116 гектар томорқа майдонининг 70 гектарга яқини ҳам шу чашма сувидан суғорилади. Бу масалада ёрдам сўраб вилоят “Сувтаъминот” масъулияти чекланган жамияти Ургут тумани филиалига ва бошқа масъул идораларга ҳам мурожаат қилдик. Лекин натижа йўқ.

Бу йил ҳам ёғингарчилик кам бўлганлиги учун чашма суви аҳоли истеъмолига етмаяпти. Шу боис, бир неча кун аввал қишлоқ одамлари билан маслаҳатлашиб, 5-10 та хонадон олдида қўйилган сув тақсимлаш нуқталарини ёпиб, ҳар 15-20 хонадонга бир жойдан сув олишни ташкил қилдик. Лекин бу ҳам вақтинчалик чора. 

Қишлоқ ичидаги бир неча хонадонга мўлжалланган сув чиқиш нуқталарининг айримлари тош девор қилинган, айримларига лотоклар қўйилган. Лекин барчасининг усти очиқ. Баъзи нуқталарда ортиқча сув йўлга оқяпти, айримлар сувни томорқага тўғрилаб қўйган, бирорта сув чиқиш нуқтасида жўмрак қўйилмаган. Кўрбулоқ чашмаси ҳам антисанитария ҳолатида, лекин аҳолининг шу чашмадан бошқа сув манбаи йўқ.

- Бойқишлоқдаги ичимлик сув муаммоси бўйича мурожаатлар бўлган ва буни ўрганиб чиққанмиз, - дейди “Сувтаъминот” масъулияти чекланган жамияти Ургут туман филиали мутахассиси Тўлқин Гадоев. – Ҳозирча аҳоли эҳтиёжини ҳисобга олиб жадвал асосида сув берилиши ташкил этилди. Сув билан таъминлаш бўйича мазкур қишлоқ аҳолиси билан ҳеч қандай шартнома тузилмаган ва улар ҳам сув учун ҳеч қандай тўлов тўламайди. Лекин аҳолининг сувга бўлган эҳтиёжини қондириш учун қарийб 1 миллиард сўмлик лойиҳа ишлаб чиқилди. Бу ерда ер ости сувлари сатҳи жуда пастда жойлашганлиги туфайли сув иншооти қуриш мушкул. Шу боис, смета асосида жорий йилнинг иккинчи чорагида чашма атрофида 200 кубометр сиғимли ҳовуз қилинади. Бу чашма сувини тўплаш ва ёз пайтида ҳам аҳолини сув билан таъминлаш имконини беради. Унгача ҳар бир сув чиқиш нуқтасида кичик ҳовузчалар қуриш, сув захирасини таъминлаш, қувурларга жўмрак ўрнатиш бўйича тушунтиришлар берилди. Ҳозирда булоқдан соатига 7-8 литр сув чиқади, сув чиқиш жойи эса абгор ҳолда, тупроқ емирилиши натижасида чашма кўмилиб қолмоқда. Маҳалла фаоллари келишган ҳолда чашманинг атрофини бетон билан ҳимоялаш, сув тақсимоти, тозалик ва санитарияси учун масъул кишини тайинлаш лозимлигини тушунтирдик.

Сув - бебаҳо неъмат. Айниқса, ичимлик суви танқис жойда яшовчилар унинг қадрини янада яхши билади. Ўйлаймизки, туман масъуллари ваъдасининг устидан чиқади ва Бойқишлоқда сув муаммосига ижобий ечим топилади.

Ўктам Худойбердиев,

Ҳусан Элтоев.