Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Биз кўпроқ очликдан қўрқяпмиз

Ўтган куни, душанба аксарият деҳқон бозорлари ишламайди, одамлар савдо марказларига кам боради. Аммо тан олиш керак, одатдагидай кун бўлмади. Аксинча, коронавирус ваҳимаси сабаб ҳамма ўзини озиқ-овқатга “урди”!

Айни вақтда кўпчиликда мавжуд бўлган энг содда психология: тез орада дўконларда маҳсулот қолмайди, ғамлаб қўйиш керак. Ёки иккинчи вариант: нарх-наво кўтарилиб кетади. Ҳозир 5 минг сўмга олмаганимни бир ҳафтадан кейин 10 минг сўмгаям тополмайман.

Қайсидир маънода бу икки қарашдаям жон бор. Аммо...

Келинг, сиз ўн қоп ун, шунга яраша гуруч, ёғ, полиз маҳсулотлари харид қилдингиз. Бу билан қанча вақт фаровон яшаш мумкин? Сизни кўриб бироз камхаржроқ қўшнингиз ҳам харид қилди. У ойдан бу ойга амал-тақал қилиб етиб олаётганларнинг аҳволини тасаввур қилинг энди. У ҳам ваҳима таъсирида ўзини бозорга урди.

Айтайлик, ҳафта-ўн кунда чеккароқ ҳудудлардаги савдо дўконлари, кичикроқ деҳқон бозорларида айрим озиқ-овқат маҳсулотлари камайиб қолади. Сотувчини эса бу кўпам қизиқтирмайди. Нега дейсизми? Буни шу ўтган икки сутканинг ичида сезиб улгурдик. Яъни, гарчи Давлат назорат ўрнатамиз, захирамиз етарли, деган бўлишига қарамай, бир қоп уннинг нархи ўн минг сўмгача қимматлади. Қоплаб картошка-пиёзни уйига ташиётган одамларнинг ҳолати ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Савол туғилади: қўпол қилиб айтганда, бугун жамғарган захирамиз билан қанча вақт яшаймиз?!

Яратган бу саволни инсоният олдига қўймасин, деб умид қиламиз!

Нима қилмоқ керак?

Коронавируснинг тарқалиш ватани бўлган Хитойдан пандемиянинг чекинаётгани, бу хасталикка чалинаётганлар эмас, соғая бошлаганларнинг сони ортаётгани ҳақида яхши хабар келяпти. Бошқа ҳудудлардаям шундай.

Коронавируснинг оммавий тарқала бошлагани ҳақидаги хабар, аниқроғи, дунё жамоатчилигини ҳушёр торттирганига атиги икки ой бўлди. Шукурки, гарчи ҳозирча давоси топилмаган бўлса-да, одамлар ёппасига қирилиб кетаётгани йўқ. Ўнлаб оддий хасталиклар, грипп ва автоҳалокат натижасида қурбон бўлаётганлар сони коронавирус зараридан бир неча баробар ортиқ экани ҳақида ўқияпмиз.

Бир миллиарддан ортиқ аҳолиси бўлган Хитой тажрибаси бу борада қандай? Мамлакат бир ойнинг нари-берисида дунё учун ёпилди. Ва касаллик чекина бошлади. Аҳолига тозалик, эҳтиёткорликни ошириш тавсия этилди ва одамлар бунга амал қилди ҳам.

Бизда расман бу касалликнинг пайдо бўлгани ҳақидаги хабар ўтган якшанба, 15 март куни эълон қилинди.

Эътибор қилинг, ўша куннинг ўзидаёқ таълим муассасалари ёпилгани, Наврўз байрами, умуман, оммавий тадбирларни бекор қилиш бошлангани ҳақида хабар берилди. Шу ҳолатнинг ўзиёқ бизда ўз вақтида карантин ҳолатига ўтилганини ифодалайди. Касаллик тарқалишини бир мунча чеклайди. Ваҳоланки, бир қатор давлатлар карантин ҳолатига ўтгунча анча вақт йўқотди.

Биз яхши тажрибалардан тўғри фойдаланишимиз лозим. Ва, ҳозирча ҳукумат бу борада тўғри йўлдан боряпти.

Вируслар билан боғлиқ қўрқинчли фильмларни кўп кўрганмиз. Бундай вазиятда ақлли ва иродали одам ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам кам зарар етказмайди. Ҳар қандай қийинчиликни енгиб ўтади.

Афсуски, биз биринчи кундаёқ нотўғри йўналишни танладик. Узоқни ўйламаяпмиз, фақат ўзимизнинг ғамимизни еяпмиз. Бугунги очкўзлик эртага нафақат ўзимизни, бошқаларни ҳам қийнаб қўймасин. Аслида ҳозир бизга очлик, қаҳатчилик эмас, нотоза юриш ва эътиборсизлик таҳдид соляпти.

Исомиддин ПЎЛАТОВ.