Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

БМТнинг UNFPA жамғармаси Ўзбекистонда гендер статистикани қўллаб-қувватлайди

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Нью-Йорк шаҳрида БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) вакиллари билан учрашди. Учрашувда соғлом оилани шакллантириш, гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.

UNFPAнинг ижро этувчи директори ўринбосари Лаура Лонден сўнгги йилларда Ўзбекистонда қабул қилинган қонунлар, хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни алоҳида эътироф этди. 2022 йилда Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш ташкил этилиши, шунингдек, мамлакатда гендер статистика жорий этилишига ижобий баҳо берди. UNFPA бу масалаларда Ўзбекистон ҳукуматига кўмак беришга тайёрлигини билдирди.

Мамлакатда гендер тенгликни ҳамда оналар ва болалар муҳофазасини таъминлаш масалалари бўйича илдам ва ижобий ўзгаришлар юз бераётгани ҳисобга олиниб, Ўзбекистон делегацияси жорий йилда Найроби шаҳрида ўтказиладиган аҳолишунослик бўйича халқаро анжуманга таклиф этилди. Бундай кенг миқёсли тадбирда иштирок этиш Ўзбекистон миллий тажрибасини хорижий мамлакатларда татбиқ этиш имконини беради.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ахборот хизмати.