Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Божхонадан ўтаётган 20 тонна редиска аслида 25 минг АҚШ доллари қийматидаги 22 тонна гилос эканлиги аниқланди

Бугун мева-сабзавотларимиз сифати ва таъми билан дунёнинг барча нуқталарига етиб бормоқда. Шу боисдан ҳам Муҳтарам Президентимиз томонидан мамлакатимизда экспорт фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бу борада барча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш бўйича сўнгги 2,5 йил давомида бир қатор муҳим фармон ва қарорлар қабул қилиниб, деярли барча имкониятлар яратилди.

Деярли барча товарларни, шу жумладан мева-сабзавотларни олдиндан тўлов, аккредитив, банк кафолати ёки суғурта полисисиз, шунингдек экспорт контрактини тузмасдан, инвойслар асосида экспорт қилишга рухсат берилганлиги эса маҳаллий маҳсулотларимизни янада қисқа муддатларда ташқи бозорларга етиб боришига кенг имкониятлар эшигини очди.

Ваҳоланки, илгари амалда бўлган ва ҳозирда бутунлай бекор қилинган мева-сабзавотларни божхона кўригидан ўтказиш, ушбу маҳсулотларни “Ўзагроэкспорт” акциядорлик жамияти томонидан эълон қилинаётган нархлардан паст бўлмаган нархларда экспорт қилиш, экспорт контрактларини давлат идораларида ҳисобга қўйиш борасидаги талаблар ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг ҳам вақтини, ҳам маблағини сарфланишига сабаб бўлаётган эди.

2019 йилнинг 1 мартидан бошлаб, божхона расмийлаштируви жараёнига тўлақонли равишда жорий этилган “Хавфни бошқариш автоматлаштирилган тизими” кўмагида жорий йилнинг ўтган даврида экспорт режимига расмийлаштирилган 82 фоиз товарлар соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилди.

Товарлар экспортида яратилган кенг имкониятларга қўшимча равишда, божхона органлари томонидан экспорт товарларининг божхона расмийлаштируви 24 соат давомида - туну кун амалга оширилмоқда.

Афсуски, давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликни суиистеъмол қилаётган айрим “тадбиркор”лар берилаётган имкониятлардан ғараз мақсадда фойдаланиб, ноқонуний даромад орттиришга уринишмоқда. Уларнинг қинғир қилмишлари эса божхона органлари томонидан ўз вақтида фош этилмоқда.

Масалан, 2019 йил 28 май куни Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “Навоий” чегара божхона пости орқали қўшни давлатга чиқиб кетаётган юк автотранспортига қиймати 3 минг АҚШ долларига тенг 18,5 тонна лавлаги ортилганлиги маълум қилинган. Фарғона вилояти Қува шаҳридаги “З.Иномова” деҳкон хўжалигига тегишли ушбу маҳсулотлар мазкур постдаги инспекцион кўрик мажмуаси орқали сканердан ўтказилганида, автотранспорт воситасига ҳужжатларда кўрсатилмаган бутунлай бошқа маҳсулот – 13 минг АҚШ доллари қийматидаги 18.5 тонна ўрик ортилганлиги аниқланди.

Мазкур постда аниқланган яна бир худди шундай ҳолатда эса  Бухоро вилояти Вобкент туманидаги “New Azia-Business” МЧЖ томонидан экспорт қилинаётган, ҳужжатда 7 минг АҚШ долларига тенг салкам 20 тонна редиска сифатида қайд этилган маҳсулот аслида 25 минг АҚШ доллари қийматидаги 22 тонна гилос эканлиги аниқланди.

Юқоридаги иккала ҳолатда қўшимча 28 минг АҚШ долларини, яъни 240 млн. сўмни ноқонуний ўзлаштиришга уринган “тадбиркор”лар нафақат ўзларига, балки ташқи бозорларга маҳсулот экспорт қилаётган ҳалол ва қонунга итоаткор тадбиркорларимизга ҳам зиён етказишини ўйлаб кўришганмикан?!!

Бу каби ҳолатлар, мамлакатимиздан экспорт қилинаётган маҳсулотларга нисбатан хорижий давлатларнинг божхона хизматлари ҳамда бошқа назорат органларида ишончсизликни келтириб чиқариб, уларнинг хавф гуруҳига киритилишига ҳамда ҳалол ва виждонли тадбиркорларимизга нисбатан соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларининг қўлланилмаслигига олиб келади. Бу эса экспорт маҳсулотларини хорижий давлатларда божхона расмийлаштирувидан ўтказишда божхона кўригининг 100 фоиз амалга оширилиши, уларнинг экспорт нархларини тўлиқ ўрганиш бошланиши, натижада маҳсулотларимизнинг ташқи бозорларга ўз вақтида кириб бормаслиги каби ноқулайликларни келтириб чиқаради.

Бундан ташқари, энг асосийси, маҳсулотларимизнинг ташқи бозорлардаги нархи ошиб, рақобатсиз бўлиб қолишига сабаб бўлади.

Хўш, юқоридаги қонунбузилишларни содир этган “уддабуронлар”  қинғир хатти-ҳаракатлари билан нимага эришди?

Эндиликда улар томонидан амалга ошириладиган экспорт ва импорт операциялари “Хавфни бошқариш тизими”да юқори хавф даражасига мансублиги белгиланиб, “қизил” йўлакка йўналтирилади. Бу эса ушбу “тадбиркор”лар соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларидан муайян муддатга фойдалана олишмайди, пировардида божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнига сарфлайдиган вақти ва харажатлари ошади деганидир.

Шуни унутмангки, қонунга итоаткор тадбиркорлар ҳамиша қонун ҳимоясидадир!

  Давлат божхона қўмитаси.