Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Раис, бош ҳисобчи ёки 3 нафар ишчи билан 100-200 гектарлик фермер хўжалигини эплаш мумкинми?

«Samarqand-Live» канали орқали эълон қилган “Давлат солиқ қўмитасининг «янги тартиб»и ортидан тадбиркорлар касодга учрамоқда” мақоласи аниқ бир таҳлилга асосланмай ёзилган.

Давлат солиқ хизмати органлари томонидан ишчи-ходимларнинг қонуний ишлашини таъминлаш мақсадида олиб борилаётган тадбирлар солиқ базасини кенгайтириш, давлат бюджетига ҳар бир фуқаронинг солиқларни ўз вақтида тўлашларини таъминлашдан иборат. Бугунги кунда мамалакатимизда олиб борилаётган солиқ ислоҳотлари блогер Мирзо Субхонов таъкидлаганидек, тадбиркорларнинг фаолиятини касодга учратиш учун эмас, “Солиқ хизмати – инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори” шиори остида амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти тадбиркорларни қўллаб-қувватлашини жуда кўп бор таъкидлайди. Солиқ қонунчилигига киритилаётган ўзгаришларда ҳам бу ўз аксини топмоқда.

2019 йил 1 январдан бошлаб солиқ тизимида янги босқич бошланди. Солиқ қонунчилигидаги ислоҳотлар солиқ юки даражасини камайтириш, солиқ қонунчилигини соддалаштириш, янада қулай инвестиция муҳитини яратиш ҳамда солиқлар ва тўловларни оптималлаштиришга хизмат қилмоқда.

Солиқ юки даражасини камайтириш мақсадида 2019 йилдан юридик шахсларнинг фойда солиғи ставкаси 14 фоиздан 12 фоизга, мол-мулк солиғи ставкаси 5 фоиздан 2 фоизга, ягона солиқ тўлови ставкаси 5 фоиздан 4 фоизга ва ягона ижтимоий тўлов ставкаси 15 фоиздан 12 фоизга туширилди. Жисмоний шахсларнинг иш ҳақидан олинадиган 8 фоизли суғурта бадали бекор қилинди ҳамда 4 поғонали ставкаларда ундириб келинган ва максимал ставкаси 22,5 фоиз бўлган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бир хил 12 фоизга туширилди.

Яратилаётган шунча енгилликларга қарамасдан, ҳисоботда ишчилар сонини кам кўрсатиб, қолганларига “конверт” усулида ҳақ тўлаб келаётганлар ҳамон учраб турибди. Тақдим этилган ҳисоботларда ишчилар сонини кам кўрсатиб, ишчи гуруҳ томонидан бориб ўрганилганда кўпроқ ишчилар ишлаётгани аниқланмоқда. Ўзингиз ўйлаб кўринг, 4-5 нафар қурувчи, унинг ҳам бири бошлиқ, яна бири ҳисобчи бўлса, катта бир объектни қандай қилиб битказади? Ёки раис, бош ҳисобчи ва 3 нафар ишчи билан 100-200 гектарлик фермер хўжалигини эплаш мумкинми?

Давлат солиқ хизмати органлари тадбиркорларнинг, хусусан, фермер хўжаликларининг қонуний фаолият юритишини таъминлашдан иборат. Блогер мақоласида келтириб ўтган қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича Республика комиссиясининг №01-03-12-16-сонли баёни Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 25 апрелда расман рўйхатдан ўтган ҳужжат ҳисобланади. Ушбу баёнда фермер хўжаликларига қўйиладиган талаблар белгилаб қўйилган. Улар янги ишчи ўринларини яратиш мажбуриятини олади. Унга кўра, сабзавот-полизчилик йўналишида ҳар гектарга камида 4 нафар, боғдорчилик-узумчилик йўналишида ҳар гектарга камида 2 нафар, ғалла-сабзавотчилик йўналишида - ғалла экиладиган ҳар 5 гектар майдонга 2 нафар, сабзавот экиладиган ҳар 1 гектар майдонга 4 нафардан ишчи-ходимни меҳнат шартномаси асосида ишга олиши шарт. Ишчи-ходимларни легаллаштириш жараёнида ишчи гуруҳ айнан юқоридаги баёнга таяниб эмас, бевосита жойига чиққан ҳолда ўрганишлар ўтказмоқда. Солиқ, молия, бандлик, қишлоқ хўжалиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ҳолат билан танишиб, ишчи-ходимларнинг фаолияти қонунийлигини таъминлашмоқда. Тадбиркорларга ҳуқуқий маслаҳатлар, қонунчиликдаги янгиликлар тўғрисида маълумот беришмоқда.

Меҳнат кодексининг 155-моддасига асосан муайян давр учун белгиланган меҳнат нормасини ва меҳнат вазифаларини тўлиқ бажарган ходимнинг ойлик меҳнат ҳақи қонун ҳужжатларида меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича белгиланган миқдордан оз бўлиши мумкин эмас. Демак, мавсумий ишлаган ишчилар билан ҳам қонуний меҳнат шартномаси тузилиши шарт.

Яна шуни таъкидлашимиз лозимки, тадбиркор қонуний фаолият юритиб, тўлаётган солиғи билан касодга учраб қолмайди. Қилган меҳнати эвазига топган даромади ҳисобидан даромад солиғи тўлаган ишчи ҳам кўп нарса йўқотмайди. Аксинча, келажакда пенсияси учун замин ҳозирлайди. Тузилган меҳнат шартномаси орқали ўзининг ижтимоий ҳимоясини таъминлайди. Йиғилган солиқлар эса мамлакат иқтисодиётини янада мустаҳкамлаши шубҳасиз.

Шу ўринда фуқароларга мурожаат қилмоқчимиз. Сиз яширинча тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган “тадбиркорлар” ҳақида солиқ органларига хабар беринг. Бу билан Сиз ўз фуқаролик бурчингизни бажариб, давлат бюджетининг янада кўпайишига ўз ҳиссангизни қўшган бўласиз.

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати.