Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бош прокуратура ижтимоий тармоқлардаги хабарлар юзасидан кунлик мониторинг ўтказмоқда

Прокуратура органлари томонидан ОАВ ва ижтимоий тармоқларнинг кунлик хабарлари мониторинги амалга оширилиб, прокуратура органлари аралашувини талаб қиладиган қонунбузилишлар ҳақидаги хабарларни тўлиқ ва атрофлича кўриб чиқилиши таъминланмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда Мажбурий ижро бюроси фаолияти, кўрсатилган коммунал хизматлардан норози бўлиш, меҳнат низолари билан боғлиқ масалалар, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, тергов органларининг ҳаракатлари ҳамда чиқарилган суд қарорларидан норози бўлиш мавзусидаги хабарларни ташкил этмоқда.

Мониторинг давомида юқорида қайд этилган хабарлар ваколат доирасида ўрганилиб, натижаси бўйича қонунчиликда назарда тутилган чоралар кўрган ҳолда тегишли муносабат билдириб келинмоқда.

Хусусан, «Facebook» ижтимоий тармоғининг «Xalq fikri/Мнение народа» гуруҳи фойдаланувчиси С.З. томонидан қолдирилган «Вчера сотрудник Кабмина оскорбил гражданина, сегодня его уже уволили. Это сотрудник у входа в MIB Зангиатинского района, такой же хам, однако его покрывают руководители. Обратите внимание на его позу, одежду, - это MIB это норма» хабари Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан ўрганилди.

Ўрганиш давомида, Бюронинг Зангиота тумани бўлимининг назорат текширув пости ходими қабулга келган фуқарога нисбатан қўпол муомалада бўлгани аниқланган.

Ушбу ҳолат юзасидан Бюронинг Зангиота тумани бўлимининг назорат-текширув пости ходими келгусида аҳоли билан хушмуомалада бўлиши юзасидан профилактик суҳбат ўтказилиб, “ҳайфсан” интизомий жазоси қўлланилган.

Шунингдек, «Diqqat Telegram» каналида фуқаро томонидан видео мурожаат жойлаштирилиб, унда «Видеомурожаатда бу оилага 2 хонали уй ажратиш қарори чиқарилган... Вилоят прокуратураси бу ишни орқага суриб асоссиз равишда уй беришни орқага чўзаётгани ва прокурор қабулига ҳам киролмаётгани айтилади» мазмунида қолдирилган хабар зудлик билан ўрганилди.

Ўрганиш натижасида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелдаги 285-сонли қарори ижроси юзасидан Қарши шаҳар ҳокимлигида тузилган ҳудудий комиссия томонидан муаллифнинг отаси номида бўлган уй-жойда онаси ўз фарзандлари билан яшаши учун етарлича шароит борлиги сабабли уй-жойга муҳтож эмаслиги ҳақида қарор қилинган.

Ушбу масала юзасидан вилоят прокуратурасида бир неча маротаба қабул қилинган ариза муаллифига отаси А.Х. номида бўлган уй-жойда онаси фарзандлари билан бирга яшаб келиши учун барча шарт-шароитлар етарли эканлиги маълум қилинишига қарамасдан, онасининг номига янги уй-жой олиш истаги борлигини таъкидлаб келган.

Мурожаатларни ўрганиш жараёнида муаллифнинг оилавий (моддий) шароити ўрганилиб, Р.Х. Ислом Каримов номидаги техника университетида контракт асосида ўқиётганлиги инобатга олиниб, прокуратура органлари ташаббуси билан ўқишининг 1-босқичи учун 4 миллион сўм контракт пулини тўлашда амалий ёрдам кўрсатилди.

Ўз навбатида, онаси Н.Б.га телевизор ва кир ювиш машинаси олиб берилиб, маҳалла фуқаролар йиғини томонидан нафақа тайинланишига амалий ёрдам кўрсатилди.

Прокуратура органлари томонидан бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.