Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бош вазирга мурожаат йўллаган оқсоқолни калтаклаган аёллар видеоси ўрганилмоқда

Ижтимоий тармоқларда “Бош вазирга мурожаат йўллаган оқсоқолнинг бир нечта аёллар томонидан калтаклангани ва ҳақорат қилингани видеоси тарқалмоқда” сарлавҳали видеога Самарқанд вилояти ИИБ муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, 2020 йил 22 январь куни Каттақўрғон шаҳар ИИБ бошлиғи номига Каттақўрғон шаҳар Улуғбек Барноев кўчаси, 133-уйда яшовчи фуқаро Ҳамраев Ўктам Ахматович ариза билан мурожаат қилган.

Мурожаатда 2020 йил 21 январь куни Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги бош архитектори Нодир Хамрақулов унга қўнғироқ қилиб, шаҳар ҳокимлигига келишини сўраганлиги, у шаҳар ҳокимияти биносига келган вақтида фуқаролар Э.Б., унинг укаси Э.Б. ҳамда уларнинг оила аъзолари бўлган бир нечта аёллар уни юзларига қўллари билан урганлигини билдириб, ушбу фуқароларга нисбатан чора кўришни сўраган.

Фуқаро Ў.Ҳамраевнинг аризада кўрсатган важлари ва у томонидан тақдим қилинган “СD” компакт дискидаги видео ва аудио файллар ўрганилиб, суриштирув ишлари олиб борилди.

Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида аниқланишича, фуқаро Ў.Ҳамраев Каттақўрғон шаҳар, Гўзалкент МФЙда яшовчи, Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги коммунал-маиший хизмат бўлимида ширкат раиси бўлиб ишловчи, 1981 йилда туғилган фуқаро Э.Б.нинг ҳаракатларидан норози бўлиб, бу ҳақида юқори турувчи ташкилотларга шикоят қилган.

Каттақўрғон шаҳри ҳудудидаги санитария ва бошқа ҳолатларни ўзининг қўл телефонига тасвирга олиб, танқидий видеолавҳалар тайёрлаган. Ушбу видеолавҳаларни интернет тармоғига жойлаб келаётган. Шунинг учун фуқаролар Ў.Ҳамраев ва Б.Э.лар ўртасида келишмовчилик келиб чиққан. Улар бир неча маротаба ўзаро жанжаллашиб қолган.

Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда тарқалган “Бош вазирга мурожаат йўллаган оқсоқолнинг бир нечта аёллар томонидан калтаклангани ва ҳақорат қилингани видеоси тарқалмоқда” номли видеода фуқаро Ў.Ҳамраевни фуқаро Б.Э.нинг онаси М.Н., қайнонаси Ж.А., синглиси М.Х. ва таниши Е.Б. исмли аёллар ҳақорат қилиб, ураётганлиги, ушбу ҳолатни видеотасвирга олаётган фуқаро Б.Э. эканлиги аниқланиб, ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.