Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бугун туғилган кун

Таниқли журналист Аҳмаджон Мухторов 1936 йил 23 февралда Самарқанд шаҳридаги Лолазор маҳалласида таваллуд топган.

1957 йилда Ўзбекистон давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини битирган.

Илк меҳнат фаолиятини “Зарафшон” газетасида мусаҳҳиҳликдан бошлаган. Кейинчалик таржимон, адабий ходим, бўлим бошлиғи, масъул котиб, бош муҳаррир ўринбосари сифатида ишлаган.

1973 йил 20 июнда «Зарафшон» газетасига бош муҳаррир этиб тайинланган. 1986 йилдан республика «Қишлоқ ҳақиқати» ва «Сельская правда» газеталарига бош муҳаррир бўлган. 1991 йил 1 январдан “Халқ сўзи” газетаси асосчилари қаторида янги нашрнинг бош муҳаррири вазифасини бажаришга киришган.

- Ўзбекистон журналистикасида «Аҳмаджон Мухторов феномени» деган иборани айтилиши отам фаолиятига берилган баҳо деб биламан, - дейди А.Мухторовнинг қизи Озода Мухторова. - Қўлимда отам ҳақида жуда кўп мақолалар бор. «Серқирра муҳаррир», «Ходимлари қатори диктант ёзган муҳаррир», «Иқтидорни қадрлаган раҳбар», «Ҳақ сўзни айтмоқ шиори эди», «Мустақиллик жонкуяри» ва ҳоказо. Турли йилларда, турли низолар билан чиққан.

«Зарафшон» отам учун ўз уйидан ҳам қадрдон эди.

Мен ана шундай фидойи инсон фарзанди эканим билан доимо ғурурланиб юраман.

Аҳмаджон Мухторов 2000 йилда вафот этди.

***

Қор ҳикмати

Ҳар куни эрталаб онаси бир неча марта “Ётаверасанми, турақол, болам” деганида ҳам “Ҳозир, бирпас ухлай” дейдиган Одилжон кеча эрталаб ҳаммани ҳайратда қолдирди. Дадаси тонг пайтида – соат беш бўлмасданоқ унинг боши устига бориб “Одилжон, далада ярим метр қор турибди” дейиши биланоқ “дик” этиб ўрнидан турди-да, отасини саволга тута кетди.

- Ярим метри қанча бўлади, дада?

- Тиззангга етиб қолса керак.

- Этигимни кийиб чиқсам, ичига қор кирадими?

- Йўқ, у даражада эмас.

- Ҳалиям ёғяптими-а?

- Ҳа, элакдан ун тушаётгандай...

... Боланинг зум ўтмай кийиниб далага чиқиши, қўлига куракни олиши, эшикнинг олдини, кейин эса бобосининг уйига олиб борадиган йўлакни тозалаши, қизишганидан қўлқопини ва телпагини ечиб ташлаганини кузатганингизда, қалбингиз ҳаяжонга тўлиб кетар экан.

Қор... Табиатнинг ажиб мўъжизаси. Бутун борлиқни саховат билан марваридга ўрайдиган бебаҳо инжу. Ҳаммаёқни покиза ва ғуборсиз ҳам ўз гўзаллиги билан ювиб ташлайдиган жозиба кони. Деҳқоннинг ерини тўйдирадиган, ёзда унга сув манбаини вужудга келтирадиган, тоғ чўққиларини қоплаганида мовий осмон ёғдучи билан мунаввар этадига қор. Болаларни кўчаларга чорлайдиган, чанғиларни ишга туширадиган, қиз-йигитларнинг яноқларини лов-лов ёндириб, анор тусини берадиган қор.

Қор ёғсин, лайлак қор ёғсин. Пайтини билиб, мавридини англаб ёғаверсин. Бутун оламни беғубор қор қопласин. Кишиларга шодлик, хуррамлик, насиба бахш этадиган, муҳаббат туйғуларини уйғотадиган қорга тасанно!

Қор ҳозир ёғсин, январнинг давомчиси – февралда ёғсин. Аммо бепоён пахтазорларда ғўзалар лўппи-лўппи кўсаклардан маржон таққанида ёққан қор қалбни қоронғилик пардаси билан ўрайди. Дарахтлар гуллаганда, табиат яшил либосга ўранганда ёғадиган қор дилни хун қилади. Ҳар нарсанинг вақти бор деб шуни айтадилар-да. Ҳозирги қордан ўргилсанг арзийди.

Кеча эрталаб қадимий Самарқанд кўчалари оқ чойшабга ўралди. Ҳамманинг кайфияти аъло. Кишилар бир-бирларини табриклашади, қутлашади. Одамларнинг табиати қизиқ-да! Ҳамма ёқни қор босиб, автобуслар кечикиб чиқса ҳам, қорни тозаловчи машиналарнинг ҳайдовчилари ўз ишларини бажариб улгурмаётган бўлсалар ҳам, ҳадеганда трамвай келавермаса ҳам кишилар хурсанд. Ўзлари ишга кетиб ҳовлида қорни курайдиган ҳеч ким қолмаган бўлса ҳам, улар мамнун. Бунинг ҳаммаси қорнинг оқлигидан, қалби поклигидан, ҳикмати улуғлигидан, хосияти катталигидан.

...Биз Самарқанд агрометеорология станциясининг бошлиғи Сергей Васильевич Скороходов билан телефонда гаплашдик. (Бу ажойиб мутахассисни қаттиқ сел келганида, кучли шамол бўлганида, тизза бўйи қор ёққанида эслашимизни ўйлаб, бир оз ноқулайроқ сездим ўзимни). Сергей Васильевичнинг кайфияти аъло даражада эди. Унга бугунги қор ва яқин кунлардаги об-ҳаво ҳақида сўзлаб беришни илтимос қилдик.

Маълум бўлишича, январь ойида, айниқса унинг биринчи ярмида Ўртаер денгизи томонидан келган иссиқ ва нам ҳаво натижасида Самарқанд шаҳрида ва областимизда ҳароратнинг кўтарилиши рўй берган. Орадан бир неча кун ўтгач шимолий кенгликлардан сафарга чиққан совуқ ҳаво иссиқ иқлим йўлини тўсиб, унинг шаштини қайтариб, ҳароратнинг пасайишига олиб келган. Шу туфайли анча миқдорда ёмғир ёққандан сўнг, у қорга айланган.

Ўтган куни бошланган қор, кеча туни билан ёғиб чиқди. Областимизда 20-30 миллиметр ёғингарчилик бўлди. Ҳамма ер қор қатлами билан баб-баравар қопланди. Унинг қалинлиги ўрта ҳисобда 30-40 сантиметр бўлди.

Сергей Васильевичнинг сўзларига қараганда, январнинг иккинчи ярмида бу даражада қор ёғиши 1928-1929, 1934-1935, 1949-1950, 1968-1969 йилларнинг қиш фаслида рўй берган. С.В.Скороходов суҳбатимизнинг охирида “Тушдан кейин қор ёғиши тўхтайди. 20 даража совуқ бўлади” деб таъкидлади.

...Қор ёғсин, табиатни яшнатиб, дилларни қувнатиб, инсонни хушнуд қилиб табаррук қор ёғаверсин!

Аҳмаджон Мухторов.

1972 йил, 21 январь.