Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бугундан Самарқандда карантин чекловлари юмшатилди. Қандай фаолият турларига рухсат берилди?

Самарқанд вилояти эпидемияга қарши курашиш фавқулодда комиссияси томонидан карантин қоидалари юмшатилиб, 12 августдан бир қатор чекловлар олиб ташланди.

Бугундан айрим фаолият турларига рухсат берилди.

Жумладан, автотранспорт воситалари соат 06:00 дан 23:00 га қадар махсус рухсатномасиз ҳаракатланиши мумкин.

Умумий овқатланиш объектлари банкетлар ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказмаган ҳолда соат 8:00 дан 20:00 га қадар фаолият кўрсатади.

Шунингдек, ноозиқ-овқат маҳсулотлари чакана савдо дўконлари ва заргарлик дўконлари, сартарошхона ва гўзаллик салонлари, меҳмонхоналар (хостеллар ва меҳмон уйларидан ташқари), очиқ сунъий қопламали спорт ўйингоҳлари, спорт секциялари, тўгараклар, спорт заллари ва фитнес клублар фаолиятига рухсат берилди.

Таълим марказлари, тўгараклар ўн кишидан кўп бўлмаган гуруҳ ташкил этиб, машғулот олиб боришлари мумкин.

Вилоятдаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ҳам 12 августдан болаларни қабул қилса бўлади.

Ушбу фаолиятларни амалга оширишда белгиланган санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш зарурлиги қайд этилган.