Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

«Чумчуқли» маҳалласи қачон ўз биносига эга бўлади?

Самарқанд тумани “Чумчуқли” маҳалла фуқаролар йиғинида ишлаш учун етарли шароит йўқ. Маҳалладаги чойхонанинг бир хонасидан фойдаланиб келаётган йиғин ходимлари – раис, котиб, посбон, хотин-қизлар бўйича мутахассис ва профилактика инспектори бир хонада жам бўлиб, тиқилишиб ишлайди.

Бу ҳақда туманда билмайдиган ташкилот ёки мутасадди йўқ, охирга марта тумандаги Президентнинг Халқ қабулхонасига мурожаат қилиб ҳам жўяли жавоб ололмадик, дейилади ушбу маҳалланинг бир гуруҳ фуқаролари томонидан таҳририятга йўлланган мурожаатда.

Дардингни кимга айтсанг, айт, бизни безовта қилма

Маълум бўлишича, Самарқанд туманидаги Халқ қабулхонаси мурожаатни ўрганиб чиқиш учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгашига йўналтирган.

Кенгаш эса Халқ қабулхонаси ва мурожаатчиларга қуйидагича жавоб берган:

“Ҳақиқатан ҳам “Чумчуқли” маҳалла фуқаролар йиғини бугунги кунда 3х5 квадрат метр бир хонада фаолият олиб бораётганлиги, фуқаролар йиғинидаги масъул ходимларнинг ишлашида ноқулайликлар келиб чиқаётганлиги аниқланди.

Йиғин раиси Ф.Қобуловга ушбу мурожаатни қонуний ҳал этиш учун туман ҳокимлиги ҳамда туман “Ермулккадастр” хизмати давлат унитар корхонасига мурожаат этиши тушунтирилганлигини маълум қиламиз.”

Ажаб, муаммо аниқ бўлиб тургани ҳолда, асосий фаолияти айнан маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлган ташкилот “дардингни кимга айтсанг, айт, бизни безовта қилма”, қабилида иш тутмаяптими?

Фуқароларнинг ўзизи ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш (ФЎЎБОФМ) бўйича туман кенгашининг раиси туман ҳокими эканлиги инобатга олинса, жавоб хатида “бу масалада бизгамас, раисимизга мурожаат қилинг”, дейилаётгандек?

Албатта, мурожаатга жавоб беришга шошилган ФЎЎБОФМ бўйича туман кенгашини, масала “ёпилиши”га шароит яратиб берган ва бепарволикка йўл қўйган мутасаддиларни оқламоқчи ёки қораламоқчи эмасмиз. Аслида, бу бизнинг ваколатимизга ҳам кирмайди. Аммо бир савол туғилади: «Чумчуқли» маҳалла фуқаролар йиғини фаолиятини бир хонали бинода қачонгача давом эттиради?..

Етарли иш шароити бўлмаган фуқаролар йиғинидан қандай фаолият, натижа ва самара кутиш мумкин?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Республика кенгаши, «Маҳалла» фонди:

2018 йилнинг 1 декабригача Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар марказларида «Маҳалла маркази» мажмуалари биноларини, 2021 йилнинг 1 декабригача фуқаролар йиғинлари идоралари биноларини намунавий лойиҳалар ва уларга қўйилган талаблар асосида қуриш (реконструкция қилиш, таъмирлаш), шунингдек уларни зарур мебель жамланмаси, компьютер техникаси, алоқа воситалари ва интернет тармоқлари билан жиҳозлаш;

«Маҳалла маркази» мажмуаларида ҳудудий кенгашлар ҳамда «Маҳалла» фондининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлимлари, туманлар ва шаҳарлар бўлинмаларини жойлаштириш чораларини кўрсин, деб белгиланган.

Биноси йўқ маҳалла қолмайди

- 2019 йилда ҳомийлик ва маҳаллий бюджет ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди маблағлари ҳисобидан 84 та маҳалла фуқаролар йиғинига янги бино қуриб берилди, - дейди фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Бадриддин Насриев. – Айни пайтгача Қўшработ, Пахтачи туманлари ва Каттақўрғон шаҳар кенгашининг биноси йўқ эди. Яқинда Каттақўрғон шаҳар кенгаши учун янги бино қуриб, фойдаланишга топширилди. Қолган икки туманда бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.

Демак, энди бинолар масаласида бутун эътибор фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига қаратилади. Шу маънода айтиш мумкинки, бугунги кунда вилоятда 9 та маҳалла фуқаролар йиғинининг биноси йўқ, 19 та маҳалла биносида эса хоналари етишмайди. Самарқанд туманида Гулобод ва Паррандачилик маҳалла фуқаролар йиғинларининг ҳам биноси йўқ.

Албатта, қайд этилган маҳаллаларда босқичма-босқич бинолар қуриб, фуқаролар йиғинлари фаолияти учун зарур шароит яратилади. Бунда табиийки, маҳаллий ҳокимларнинг эътибори ва амалий кўмагига таянамиз.

Нотўғри тушунтирилган

- Ташкилотга келганимга икки йилдан ошди, - дейди фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Самарқанд туман кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Муйин Набиев. – Чумчуқли маҳалласидаги ҳолатдан хабарим бор.

Халқ қабулхонасига йўлланган мурожаатга жавобни нотўғри тушунишган. Биз фуқаролар йиғинини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун зарур чораларни кўраяпмиз.

Хусусан, маҳалла ҳудудидаги Агросаноат коллежи тугатилиб, биноси мактабга берилди. Коллежнинг қарийб 80 сотих ер майдони ҳокимлик захирасига олинмоқда. Масала ҳал бўлгач, айни шу жойдан маҳалла учун ҳам ер майдони ажратилиб, янги бино қуриб берилади.

Мутасаддиларнинг ваъдаларига ҳам ишонамиз ва муҳими, Президентимизнинг фармонида белгиланган вазифалар вилоятимизда ўз вақтида бажарилади, деган умиддамиз.

Ёқубжон МАРҚАЕВ.