Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Цитрус ғовакловчи куя. Бу нима ўзи ва у ўсимликларга қандай зарар етказади?

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили 30 фоиз, ривожланмаган мамлакатларда эса 50 фоиздан ортиқ қишлоқ хўжалик маҳсулоти турли зараркунандалар туфайли нобуд бўлади.

Цитрус ғовакловчи куя аграр соҳага энг кўп зиён етказувчи ана шундай зараркунандалардан ҳисобланиб, Марказий ва Жанубий Америка, Жанубий Африка, Европада ва Осиёнинг Туркманистон, Афғонистон, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Корея ва Япония ҳудудларида кенг тарқалган.

Республикамиз ҳудудида 1981 йилда аниқланган бу ҳашарот ҳозирда чегараланган ҳолда тарқалган ички карантин зараркунанда ҳисобланади.

Ҳозирда республикамизнинг жами 13 минг 277 гектар майдонига тарқалган. Бу зараркунанда асосан цитрус мевалар – апельсин, мандарин, лимон ва бошқа турдаги иссиқхоналарда етиштириладиган ўсимликларга зарар етказади.

Цитрус ғовакловчи куянинг кўпайиш манбаи асосан иссиқхона хўжаликлари ҳисоблангани боис курашни, энг аввало, шу ердан бошлаш зарур. Иссиқхона ва очиқ майдонларда цитрус кўчатларни экишда ўсимликлар орасида ҳаво оқимини таъминлаб, уларнинг сийраклигига эътибор берилса, ҳашарот тарқалишининг олди олинади.

Цитрус ғовакловчи куянинг тухумини йўқотиш мақсадида ҳар гектар ҳисобига 50-60 минг донадан трихограмма 5-7 кун оралатиб, 3 марта тарқатилади. Трихограмма бир-икки маротаба қўлланганда самарадорлиги атиги 5-10 кунгача давом этади. Гектарига 60+80+60 минг ҳисобида уч марта тарқатилганда яхши самарага эришилади. Цитрус ғовакловчи куяга қарши энг самарали кимёвий инсектоцидлар сифатида гектарига 0,5 литр вертемик воситасини қўллаш мумкин. У тўқима ичига сингиш хусусиятига эга. Яна неоникотиноидлар синфига оид конфидор гектарига 0,3 литр ва моспилан гектарига 0,3 килограмм инсектоцидлар ҳам яхши самара беради.

Акрам ФОЗИЛОВ,

вилоят ўсимликлар карантини давлат инспекцияси матбуот хизмати раҳбари.