Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Цитрус меваларни томорқада етиштириш мумкин

Лимон ўзида флавоноид моддасини сақлайди. Бу модда вируслар, аллерген ва концергенларга қарши курашувчи ягона биологик тур ҳисобланади. Қолаверса, лимон қон босимини меъёрлаштиришда ҳам энг яхши даводир. Шу боис мавсум пайти бозорда лимоннинг бир килограми 30-40 минг сўмгача кўтарилади.

Лимон цитрус мева ҳисобланса-да, уни уй шароитида ҳам етиштириш мумкин. Бунинг учун 1 сотих майдонни яхшилаб ағдариб, 6-8 туп лимон кўчати ўтқазилади. Намликни сақлаш учун остига қорақум сепилади ва суғоришда ниҳол ва сув қўйиладиган ариқча орасида 30-35 сантиметр масофа қолдирилади. Сабаби кўчатлар илдизига сув бормаслиги керак.

Аммо уй шароитида бу мевани қандай етиштириш мумкин?

Жомбой тумани Зарафшон маҳалласида яшовчи Раҳмон Саробеков кўп йилдан буён қон босимини меъёрлаштириш учун асал ва лимондан фойдаланиб келса-да, деҳқончиликдан хабари йўқ эди. Асли касби қурувчи бўлган Раҳмон ака нафақага чиққач, томорқасидан бир сотих майдонга лимон ва мандарин кўчатлари экди, уларни эътибор билан парваришлади. Ҳозир цитрус дарахтларнинг ҳар бири ўртача 50-60 килограмдан ҳосил беради.

-   Бозорларимиздаги лимонлар юртимизнинг жанубий вилоятларидан келтирилган. Дарё яқин бўлганлиги боис бизда лимонлар бироз кечроқ пишади, - дейди Р.Саробеков. – Аммо Янги йил байрамига қолмасдан харидорларнинг ўзлари қидириб келишади. Лимон мавсум танламайди ва йилнинг тўрт фаслида ҳам мевасига харидор топилади. Томорқамда лимон ва мандариндан юқори ҳосил олдим. Энди мўъжазгина иссиқхонани кенгайтириб, киви етиштиришни мўлжаллаяпман.

Аҳрор ШАМСИЕВ,

“Жомбой тонги”.