Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Давлат хизматлари марказлари: кечаги оворагарчиликлар ва бугунги қулайликлар

Бугунги кунда Давлат хизматлари марказларида аҳолига тезкор, қулай ва шаффоф тарзда 130 ортиқ давлат хизматлари кўрсатиб келинмоқда.

Шу ўринда, тадбиркорнинг бундан 10-15 йил олдин рўйхатдан ўтиш тартибини бир эслаб кўрайлик. Корхонани рўйхатдан ўтказиш учун тадбиркор ойлаб югуриб, ўнга яқин идораларга мурожаат қилиш ва қирқтага яқин ҳар хил ҳужжатларни тақдим этишга мажбур бўлган.

Эндиликда республикамизнинг турли ҳудудларида фаолият кўрсатаётган Давлат хизматлари марказларида нафақат юридик, балки жисмоний шахсларга “тезкор, қулай, шаффоф” тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатилмоқда.

Судланганликка оид маълумотларни олиш учун фуқаролар ўзлари доимий истиқомат қилиб турган жойдаги вилоят ички ишлар бошқармасига мурожаат қилишлари ва натижасини олиш учун бир неча кун кутишлари керак эди.

Энди бундай маълумотномани барча фуқаролар яшаш манзилидан қатъий назар, исталган Давлат хизматлари марказлари ёки электрон тарзда my.gov.uz портали орқали қисқартирилган муддатда олиш мумкин.

ФҲДЁ Архивидан олинадиган маълумотномаларни ҳам ўзингиз яшайдиган ҳудудда жойлашган ДХМ орқали олишингиз мумкин.

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш ва нотариал органлар соҳасида ҳамда расмий ҳужжатларга апостиль қўйиш Давлат хизматлари маркази ёки ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали амалга оширилмоқда.

Эътиборли жиҳати, вилоят ФХДЁ архивлари сўровнома тушган кундан бошлаб, 3 иш куни мобайнида маълумотларни тегишли ФҲДЁ органларида мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлаб, тегишли Давлат хизматлари марказига юборади. Марказ эса шу маълумотномани 10 дақиқа ичида зудлик билан ариза берувчининг электрон манзилига жўнатади. Давлат хизматлари марказлари ва ФҲДЁ органлари ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларни сир сақланишини таъминлайди.

Аввалги тартибга кўра яъни, Давлат хизматлари марказлари томонидан ушбу хизмат жорий этилишидан аввал ФҲДЁ архивидан маълумотномалар қонунчиликка мувофиқ15 кун муддат ичида тақдим этиб келинган.

Авваллари хорижий олий таълим муассасаларни битирган фуқароларимиз дипломларини нострификация қилиш тартиби анча қийин эди.

Энди хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш талаблари рўйхатидан таълим тўғрисидаги ҳужжат Ўзбекистон Республикасида амалда мавжуд бўлган таълим шаклида ўқиб олинган бўлиши кераклиги ҳақидаги қоида чиқариб ташланди.

Хорижий давлатларда умумий ўрта ва ўрта таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш бўйича давлат хизмати Давлат хизматлари марказлари орқали жорий этилганда хизматни кўрсатиш муддати 15 кундан 6 иш кунига, тақдим этиладиган ҳужжатлар сони эса 4 тадан 2 тага қисқартирилди.

Хорижий давлатларда умумий ўрта ва ўрта таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялаш учун ариза берувчилар Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали мурожаат қилиб, қуйидаги ҳужжатларни тақдим қиладилар:

- хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжат ва унга илованинг нусхаси;

- хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжат ва унга илованинг Ўзбекистон Республикаси давлат тилига таржима қилинган нотариал тасдиқланган нусхаси.

Жорий йил 1 апрелдан бошлаб руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳамда наркология диспансери томонидан фуқароларнинг ҳисобда туриши ёки турмаслиги тўғрисидаги маълумотномани тўғридан-тўғри бериш амалиёти бекор қилинди.

Эндиликда бу каби маълумотномалар фақат жойлардаги Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали тақдим этиш тартиби белгиланди. Биринчи апрелдан бошлаб наркология ва руҳий касалликларга чалинган фуқаролар ҳисоби фақат электрон шаклда юритиладиган бўлди.

1 апрелдан бошлаб шунингдек, фуқаролар доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан ва юридик шахслар почта манзилидан (жойлашган еридан) қатъий назар, исталган ҳудуддаги Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиш мкониятига эга бўлишди. Бу хизмат барча хизмат турлари учун ташкил этилган. Масалан, республикамизнинг исталган шаҳрида фаолият юритишни мақсад қилган тадбиркор ўз яшаш ҳудудидаги марказлардан туриб ҳам рўйхатдан ўтиши мумкин.

Ягона портал: янада осон ва янада қулай.

Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали хизмат олиш учун фойдаланувчи алоҳида ўз компьютерига эга бўлиши шарт эмас. Яъни сиз ўз смартфонингиз ёки планшетингиздан фойдаланган ҳолда my.gov.uz сайтига кириббир марта авторизациядан ўтишингиз кифоя. Ушбу портал сизга зарур ахборотни топиш, бизнесга доир масалаларни тезкор ҳал этиш учун кенг имкониятларни тақдим этади.

Соҳадаги мазкур қулайликлар “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойилнинг амалдаги ифодасидир.

Акмал Турабов,

Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси масъул ходими.