Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Дунё бўйича мусулмонлар тутаётган рўза вақтининг фарқлари

Айни муборак Рамазон ойида дунёнинг барча минтақаларидаги мўмин-мусулмонлар Исломнинг беш фарзидан бири – рўза амалини адо этмоқда.

Эрта тонгдан кун ботгунга қадар давом этадиган рўзадорлик вақти дунёнинг турли жойларида бир-биридан фарқ қилади. Айниқса, шимолий қутбга яқин мамлакатларда ёз кунлари узоқ давом этгани учун бу ерларда саҳарликдан ифторликка бўлган муддат ҳам узоқроқ бўлади.

Шу кунларда дунё бўйича рўза вақтлари 21 соатдан 11 соатгача бўлган оралиқни ташкил этмоқда. Жумладан, Исландияда бу вақт 20 соату 17 дақиқани (яъни, соат 02:27 дан 22:44 гача), Финляндия ва Гренландияда 19 соат 25 ва 19 соат 21 дақиқа бўлмоқда.

Бу йил Рамазон ойида рўзадорлик вақти энг қисқа бўлган мамлакат Чили бўлиб, ушбу давлат мусулмонлари ҳозирги кунда 10 соат 33 дақиқа давомида рўза тутишмоқда. Бу вақтни Исландия билан солиштирганда 10 соат 44 дақиқага қисқа, деганидир.

Шунингдек, рўза тутиш вақти 12 соатдан кам бўлган давлатларни ҳам санаб ўтамиз. Мисол учун, Янги Зелландия (11 соат 35 дақиқа) ва Жанубий Африка Республикаси (11 соат 47 дақиқа), Бразилия ва Австралия мусулмонлари эса мос равишда 11 соат 59 дақиқадан рўза тутишмоқда.

Бундан ташқари, Бирлашган Араб Амирликларида мусулмонлар саҳарликдан то ифторликкача бўлган вақт 14 соат 52 дақиқа бўлмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистонда эса рўзадорлик вақти 16 соат беш дақиқани ташкил этмоқда. Дунё мамлакатлари билан солиштирганда Юртимиз мусулмонлари деярли ўртача вақт давомида рўза амалини адо этмоқда.