Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Дунё ҳунармандлари Қўқонда жам бўлди

Қўқон шаҳрида 10-15 сентябрь кунлари биринчи Халқаро ҳунармандчилик фестивали ўтказилди.

Унда дуёнинг 78 мамлакатидан 300 нафардан ортиқ, республикамизнинг турли вилоятлари ҳамда чекка туманларидан 1100 нафар ҳунарманд қатнашди.

Президентимиз фестивалнинг очилиш маросимидаги нутқида таъкидлаганидек, оддий қора тупроқдан, бир бўлак темир ёки ёғоч парчасидан ноёб ва гўзал буюмлар яратиб, уларга “жону тил” бағишлаган истеъдодли ҳунармандлардир. Улар ясаган маҳсулотларни кузатар экансиз, нафақат машаққатли қўл меҳнати, балки қалб ҳарорати борлигининг гувоҳи бўласиз. Асосийси, қадим анъаналаримизни ўзида мужассам этган ҳунармандларимиз ишлари дунё ҳунармандларини ҳам лол қолдирди.

Вилоятимиздан 90 нафар ҳунарманд 27 турдаги маҳсулотлари билан фестивалда муносиб иштирок этди. Самарқанднинг ўзига хос кандакорлик, ёғоч ўймакорлиги, каштачилик, дўппидўзлик, қуроқчилик, миниатюра, кулолчилик каби ҳунар турларига хорижлик меҳмонлар томонидан ҳам катта қизиқиш билдирилди.

Жаҳон ҳунармандлар кенгашининг Осиё – Тинч океани минтақаси президенти Гада Ҳижобий Қаддумий хоним уста Мансур Асадов томонидан ишланган айвон, хонтахта, эшик каби ёғоч ўймакорлиги маҳсулотларини кўриб, ҳайратини яширолмади.

Оддий тахтага «тил киргизган» ёғоч ўймакорининг иши, санъати уни лол қолдирди.

Дарвоқе, фестиваль якунида ёғоч ўймакори Мансур Асадов бу каби бетакрор ишлари учун «Энг яхши ҳунармандчилик мактаби устаси» номинацияси бўйича ғолиб деб топилди.

Фестивалда вилоятимиз маданият ходимлари, хусусан, Ургутнинг “Бешқарсак” фольклор-этнографик жамоаси ҳунармандчилик маҳсулотлари ҳақида термалар, халқ қўшиқлари ижро этди. Вилоят мусиқали драма театри актёрлари томонидан тарихий шахслар сиймоси гавдалантирилди.

Икки йилда бир бор ўтказиладиган мазкур фестивалда ҳунармандларимиз ўрганди ва ўргатди. Асосийси, бугун яратувчи инсонларга эътибор берилди. Бу эса уларга қанот бағишлаб, янги ғоялар устида ишлашга, ҳунармандчиликни ривожлантиришга замин яратади.

Умид ҲАКИМОВ,

республика “Ҳунарманд” уюшмаси Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи.