Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ДХХ 600 минг долларнинг четга чиқиб кетишини тўхтатиб қолди

Давлат хавфсизлик хизмати Наманган вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган валюта қимматликларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш тадбири давомида “Наманган – Косонсой” йўналишида ҳаракатланаётган 40 ёшли Неъматулло Воҳидов бошқарувидаги “Каптива” русумли автомашина Гурмирон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида тўхтатилди. Автомобиль холислар иштирокида кўздан кечирилганда унинг салон қисмида 605 минг 136 АҚШ доллари борлиги маълум бўлди.

Аниқланишича, муқаддам судланган Неъматулло Воҳидов Тошкент шаҳри ва Наманган вилоятида истиқомат қилувчи фуқаролардан олган ушбу хорижий валюталарни маълум миқдордаги фоиз ҳисобида ҳақ олиш эвазига Косонсой туманидаги айланма йўллар орқали божхона назоратини четлаб ўтиб, Қирғизистон Республикасида яшовчи Илёс исмли шахсга етказиб бериши керак бўлган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ДХХ Наманган вилояти бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддасига мувофиқ жиноят иши қўзғатилиб, ушбу ишга алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.