Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Элчилар рафиқалари Самарқанддаги 2 та меҳрибонлик уйига 30 миллион сўмдан ҳомийлик ёрдами кўрсатди

9 октбярь куни Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси турмуш ўртоғи Заида Граузе хоним ҳамда Фаластин давлатининг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси турмуш ўртоғи Любов Таршахани хоним Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари ҳамроҳлигида Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди.

Ўзбекистонда ўзининг дипломатик миссиясини олиб бораётган хорижий давлатлар элчиларининг оилалари ўртасида ҳар йили “Миллий таомлар” фестивали ўтказиш анъанага айланган. Мазкур фестиваль давомида тайёрланган таомларни сотишдан жамғарилган маблағ юртимиздаги меҳр-мурувватга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлашга сарфланади.

Элчиларнинг рафиқалари Самарқандга ана шу эзгу юмушни адо этиш мақсадида келиб, шаҳардаги 1- ва 10-меҳрибонлик уйларида бўлди.

Меҳмонлар вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов ҳамроҳлигида муассасаларда болаларнинг яшаши, таълим-тарбия олиши ва касб-ҳунар ўрганиши учун яратилган шароитлар билан танишди. Ота-она қарамоғисиз қолган, етим болаларга давлатимиз тонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътиборга гувоҳ бўлдилар. Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари томонидан маданий дастурлар намойиш этилди.

Заида Граузе ва Любов Таршахани хоним тарбияланувчиларга ўзларининг эзгу тилаклар, муассаса раҳбарлари ва тарбиячи-ходимларига машаққатли меҳнатлари учун миннатдорчилик изҳор этишди. Меҳрибонлик уйларининг ҳар бирига 30 миллион сўмдан беғараз ҳомийлик ёрдами кўрсатилди.

Ташриф давомида меҳмонлар шаҳарнинг тарихий-маданий ёдгорликларини томоша қилди.

А.ИСРОИЛОВ.