Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Элчихона ходимлари Балашихада калтакланган ўзбекистонликлардан ҳол сўради

Жорий йилнинг 25 сентябр куни Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси Консуллик бўлими ходимлари Ўзбекистон фуқаролари И.Х. ва Д.Б.нинг ҳолидан хабар олди.

ТИВнинг хабар беришича, улар 20 сентябрь куни фуқаролик кийимидаги полиция ходимлари иштирокида содир бўлган воқеадан сўнг оғир жароҳатлар билан Москва вилояти Балашиха шаҳридаги касалхонага жойлаштирилган эди.

Жабрланганларнинг сўзларига кўра, улар федерал аҳамиятга эга объектларда реставрация ишларини олиб бориш учун малакали мутахассис сифатида Россияга таклиф қилинган.

Элчихона вазиятни назоратга олди ва Россия Ташқи ишлар вазирлиги, Бош прокуратураси, Тергов қўмитасига расмий мурожаат қилди ҳамда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонаси билан биргаликда юртдошларимизни даволатиш учун тўловни амалга ошириш масаласини ҳал қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз: Россия ОАВларида хабар қилинишича, юқорида кўрсатилган ўзбекистонликлар ижарада турган квартирага фуқаро кийимида бўлган полициячилар бостириб кирган. Улардан ташқари, уйдан яна уч нафар ўзбекистонлик бўлган.
Бостириб кирганлар ҳеч бир ҳужжат тақдим этмасдан, ўзларини "жиноий қидирув бўлими ходимлари", дея таништириб, уйдагиларни калтаклашга тушган ва улардан пул талаб қилишган.
Оқибатда икки киши иккинчи қаватда жойлашган уйнинг деразасидан пастга сакраган. Анча пайт ҳушини йўқотган ҳолда ерда ётган. Сўнг уларни йўлдан ўтаётганлар кўриб, тез ёрдам чақирган.
Жабрланганлар мия чайқалиши, тос суяклари, умуртқа ва қўл соҳалари синиши каби оғир жароҳатлар олган. Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Консуллик-ҳуқуқий департаменти эслатиб ўтадики, Россиянинг Марказий федерал округи (Белгород вилояти, Брянск вилояти, Владимир вилояти, Воронеж вилояти, Иваново вилояти, Калуга вилояти, Кастрома вилояти, Курск вилояти, Липетск вилояти, Москва шаҳри, Москва вилояти, Орлов/Орёл вилояти, Рязан вилояти, Смоленск вилояти, Тамбов вилояти, Твер вилояти, Тула вилояти, Ярослав вилояти) ва Арманистон ҳудудидаги фуқароларимиз зарур вазиятларда Москва шаҳридаги элчихонага қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкин: +7 499 230-00-76, +7 499 238-36-20.