Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Энди Аи-80 маркали бензиннинг чакана нархи давлат томонидан тартибга солинмайди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2020 йил 4 апрелда “Нефть-газ тармоғининг молиявий барқарорлигини ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга кўра, мамлакатимизда Газ-транспорт тизимини 2030 йилгача ривожлантириш дастурининг бош режаси ишлаб чиқарилади.

2020 йил 1 июлга қадар Нефть-газ тармоғи корхоналарининг операцион самарадорлигини яхшилаш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилади.

2020 йил 1 октябрга қадар нефть-газ тармоғидаги барча корхоналарда коррупцияга қарши “комплаенс-назорат” тизими жорий этилади.

2020 йил 1 майдан бошлаб Аи-80 маркали автомобиль бензини ва дизель ёқилғиси (шу жумладан, ЭКО маркали дизель ёқилғиси) чакана нархларини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилинади.

Нефтни қайта ишлаш заводлари томонидан Аи-80 маркали автомобиль бензини ва дизель ёқилғисини (шу жумладан, ЭКО маркали дизель ёқилғисини) сотиш фақат биржа савдолари орқали амалга оширилади.

Қарорга кўра, бюджет ташкилотлари, пахта хомашёси ва ғалла ишлаб чиқарувчи фермер хўжаликлари ва пахта-тўқимачилик кластерлари, “Ўзбекистон темир йўллари” ҳамда “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамиятлари, маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича давлат корхоналарига дизель ёқилғиси (шу жумладан, ЭКО маркали дизель ёқилғиси) ўтган чоракдаги биржа савдолари натижаларига кўра шаклланган ўртача биржа нархлари бўйича тўғридан-тўғри шартномалар асосида, шунингдек, уларга нефтни қайта ишлаш заводларидан нефть маҳсулотларини биржа савдолари орқали харид қилиш ҳуқуқини тақдим этган ҳолда сотилади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссияси 2020 йил 1 майдан бошлаб нархларни жаҳон биржаларидаги Brent нефти котировкаларига боғлаб қўйган ҳолда

-  “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Шўртан ГКК” МЧЖ томонидан сотиладиган нефть ва газ конденсати учун янги ички тармоқ нархлари;

- нефть маҳсулотлари ва углеводородларни импорт қилиш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига нефть маҳсулотлари ва углеводородларни нефть базаларининг бўш сиғимларида сақлаш бўйича хизматлар кўрсатиш учун тарифлар белгилайди.

Юридик шахслар, шу жумладан, “Ўзбекнефтгаз” АЖ нефть базалари томонидан нефть маҳсулотларини қайта сотиш учун нефтни қайта ишлаш заводларидан биржа савдолари орқали сотиб олиш якуний истеъмолчига сотилганда тўланиши лозим бўлган акциз солиғи ҳисобга олинмаган ҳолда амалга оширилади. Бунда:

- ушбу юридик шахсларнинг ўз эҳтиёжлари учун фойдаланадиган нефть маҳсулотлари ҳажми қисмида акциз солиғи белгиланган тартибда тўланади;

табиий газ қазиб олувчи ташкилотлар томонидан газни қайта ишлаш ва уни утилизация қилиш ташкилотларига сотиладиган табиий газ ҳажми якуний истеъмолчига реализация қилинадиган ҳажм сифатида кўрилмайди.