Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Энди тўйларда учтадан кўп бўлган машина ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи бошқа транспорт воситаларидан фойдаланилмайди

Шу йил 14 сентябрда бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси кенгашларининг қўшма мажлисида “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг қабул қилинганини ўқиб, хурсанд бўлдим.

Рост, халқимиз дунёга ўзининг меҳмондўстлиги билан танилган. Тўйларимиз ҳам ҳамиша хурсандчилик билан ўтган. Бундай тўйлар ўзининг ихчамлиги билан ажралиб турган. Лекин кейинги вақтларда тўйлардаги ортиқча дабдабабозлик, исрофгарчилик, кимўзарга дастурхон ёзиш, ўн беш-йигирматалаб хориж машиналарини қаторлаштириб тўй ўтказишлар қатор кўнгилсизликларни келтириб чиқараётган эди.

Энди никоҳни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда келин-куёвнинг тўйхонага келиши ва кетиши билан боғлиқ оилавий тадбирларда 3 тадан кўп бўлган енгил автомашинадан ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи бошқа транспорт воситаларидан фойдаланмаслик тартибининг жорий этилгани жуда маъқул иш бўлди. Ахир дабдадали «ЗАГС карвони» туфайли озмунча талофатлар бўлмадими…

Шунингдек, энди тўйхона, кафе ва ресторанлар маъмурияти режалаштирилаётган оилавий тадбирлар ҳақида ушбу тадбирлар ўтказилишидан камида икки кун олдин ҳудуддаги ички ишлар органига ёзма равишда хабар бериши, маҳаллий ҳокимликлар, прокуратура, ички ишлар, солиқ ва ФҲДЁ органлари тўй-маросимларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказилиши устидан таъсирчан назоратни амалга ошириши белгилангани ҳам кўпчилик учун фойдали бўлди.

Айниқса, тўйларни дабдабали, кимўзарга ўтказилишига йўл қўймаслик қатъий белгиланди. Бу жуда керак. Зеро, тўйларни ихчамлаштириш кишилар учун ҳар жиҳатдан фойдали эканлигини буюк жадидчи маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам ХХ аср бошларида жуда чиройли ёритиб берганлар. У кишининг “Бахтсиз куёв” асари ёзилганига орадан бир аср ўтган бўлса ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган.

М.БУЗРУКОВ,

СамДУ катта ўқитувчиси.