Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ер остида 17 йил яшаган одам ҳақида эшитганмисиз?

1997 йилда Xитойнинг Синцзян вилоятида 7,8 баллик зилзила содир бўлди. Кучли ер силкиниши туфайли кўмир шаxталарининг бири - бир неча юз метр ер остидаги туннелнинг катта қисми қулаб тушди. Даҳшатли вайроналар остида 118 нафар кончи ҳалок бўлди. Ҳукумат қарорига мувофиқ, мазкур ер ости кони узоқ муддат - 17 йилга ёпилди.

2014 йилга келиб яна ҳукумат қарорига биноан конни қайта тиклашга қарор қилинди. Қурувчилар эски ғорларда қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бораётган вақтда, сурнай товушига ўхшаган ғунғиллаган овозни эшитиб қўрқиб кетишади. Дастлаб уни вентиляция қувуридан чиқаётган шамолнинг товушига ўхшатишди. Аммо яқинроқ борганларида, қувурда ётган тирик одамни кўриб даҳшатдан қотиб қолишди.

Маълум бўлишича, у 59 ёшли кончи Чан Вей бўлиб, саломатлиги жуда оғир аҳволда эди. У одамларни кўриб ҳушини йўқотди. Қутқарувчилар уни зудлик билан касалxонага олиб боришди. Тиббиётчилар унинг жисмоний ва руҳий ҳолатини синчиклаб ўрганишди. Кончи қоронғуликка ўрганган кўзларини анча вақтгача очолмади. Гаплари ҳам тушунарсиз, ғўнғиллашдан бошқа сўз бойлиги деярли йўқ. У билан руҳшуносларнинг ишлашига тўғри келди.

Аниқланишича, Чан Вэй шунча вақт давомида авария ҳолатлари учун мўлжалланган гуруч ҳамда сув заxиралари сақланадиган омборхонада жон сақлаган экан. У тирик қолиш учун каламушларни овлаган, шунингдек, витаминларга бой бўлган қўнғизларни териб ейишга мажбур бўлган.

Унинг айтишича, у кон қулаган вақтда деворга яқин жойлашган ҳаво чиқариш қувурига яқинроқ жойда ишлаётган бўлган. Том қулаётган пайтда девор тагидаги қувурга эмаклаб бориб кириб олган. Яхшиямки, тепадан ҳаво кирадиган қисмига жойлашиб олган. Вентиляция қувурининг иккинчи томонида омборхона жойлашган эди. Бироз вақтдан сўнг чиқиб, ўзидан бошқа бирорта ҳам тирик жон йўқлигини билиб қолган. Коннинг шу қисмида ўзи билан бирга ишлаётган 78 нафар кончиларнинг барчаси ҳалок бўлишган экан. Бир йил давомида уларнинг таналарини вайроналар тагидан чиқариб, туннелнинг очиқроқ ҳудудига ўтказиб дафн қилди.  

Бугунги кунда Хитойда 16 мингдан зиёд кўмир конлари бор. Уларнинг аксарияти ноқонуний фаолият билан шуғулланади. Шу сабабли кўплаб авариялар содир бўлиб туради. Ҳукумат томонидан кончиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қилинаётган ишларга қарамай, йилига 4 мингга яқин кончилар шу тахлит ҳалок бўлишади. Сўнгги йилларда Хитой ҳукумати мингга яқин ноқонуний кўмир конларини ёпишга эришди. Аммо бугунги кунда ҳам кунига 6 нафар кончи турли сабаблар билан бу ҳаётдан кўз юмади.

Чан Вейнинг 17 йил еростида яшаганига ишонгинг келмайди. Аммо у Геннис рекордлари китобига киритилган.

Эслатиб ўтамиз, илгари ҳам ер остида «буюк ктонлар» қабиласи билан беш йил бирга яшаб, тирик қайтиб келган хитойлик Ван Ху ҳақида ҳикоя қилгандик. У ҳам конда содир бўлган зилзила оқибатида қамалиб қолган эди.