Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Эркинжон Турдимов: Улар «бомж»га айланиб, кимларнингдир «қурол»и бўлиб қоляпти

Олий Мажлис Сенатининг 28 февраль, жума куни, бўлиб ўтган иккинчи ялпи мажлисида сенаторлар ота-оналар қаровисиз қолган, «Меҳрибонлик» уйларида тарбияланган ёшларнинг жамиятга ижтимоий мослашувидаги долзарб масалалар тўғрисида ҳукуматга юборилган парламент сўрови натижаларини кўриб чиқди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Миролим Исажонов хабар бермоқда.

Бу борадаги қатор муаммолар қизғин муҳокама қилинди ҳамда сенаторлар мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини билдирди.

Самарқанд вилояти ҳокими, сенатор Эркинжон Турдимов «Меҳрибонлик» уйларида улғайиб, кейинчалик жамият эътиборидан четда қолган, ҳеч вақосиз сарсон юрган тарбияланувчиларни уй-жой билан таъминлаш масаласига тегишли қарор билан тезроқ барҳам бериш зарурлигини таъкидлади.

«Ҳақиқатдан бу жуда долзарб масала. Шахсан ўзим кўп шуғулландим шу муаммо билан. Ҳар битта вилоятда камида 150—200 нафардан қаровсиз бола бор. Булар кимларнингдир қўлида «қурол» бўлиб қоляпти. Масалан, «Меҳрибонлик» уйини тугатганига 5—10 йил бўлган болаларнинг қарийб 30—40 фоизи жиноятга қўл урган. Бизда аниқ мисоллар бор. Ўзимизнинг шаҳарда бир иккитасини етаклаб юришибди: 35—40 ёшга кирган, ҳеч нарсаси йўқ, икки, уч марталаб жиноят қилган.

Алоҳида низом қабул қилиб, бу масалаларни дастур асосида ечмасак бўлмайди. Чунки уй-жой қилишни ҳеч бир туман ҳокимиятининг ҳам, вилоят ҳокимиятининг ҳам бюджети кўтармайди. Маҳаллий бюджетга рухсат берса, биз депутатлар билан келишиб, «Меҳрибонлик» уйидан чиққанларни уй-жой билан таъминлай оламиз. Биргина мисол, биз 8 нафарига уй ажратиб бердик, эртага топширамиз. 15 нафарига ётоқхоналардан жой яратиб бердик. Ҳозир яна 16 нафарига бошланғич тўловини тўлаб, уй масаласини ечяпмиз.

Лекин булар вақтинчалик. Шунинг учун буни қарор қабул қилиб, тартиб билан тизимли ечмасак, муаммо бўлиб қолаверади. Энг ёмони энг кўп жиноят содир этаётганлар ҳам шулар бўляпти. «Бомж»га ўхшаб қолган, ғирт жиноятчи бўляпти булар. Жиддий аҳамият қаратмасак, эртага яна жиноятлар сони ошади», — деди Турдимов.

Бу масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.