Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Фaрмонқул яқинида оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд. Ташаббускорлар бўлса, уларга ёрдам беришга тайёрмиз

Телеграм каналимизда “Каттасайдовликлар нимадан норози?” сарлавҳаси остида Пайариқ туманидаги Фармонқул қишлоғида истиқомат қилувчи фуқароларнинг мурожаатини эълон қилгандик. Унда ушбу Каттасайдов маҳалласи аҳли мактаб ва боғча йўқлигидан норозилик билдирган.

Мурожаат бўйича Пайариқ тумани мактабгача таълими бўлими томонидан қуйидаги муносабат билдирилди:

Пайариқ туманининг “Каттасайдов” маҳалласидаги бир гуруҳ фуқароларнинг маҳаллада мактабгача таълим муассасаси қуриш ҳақидаги мурожаати Пайариқ тумани мактабгача таълим бўлими мутахассислар томонидан ўрганиб чиқилди.

Туманимизнинг Cарбозор маҳалласи ҳудудида 40-давлат мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритиб келмоқда. Ташкилот 1977 йилда қурилган бўлиб, Фармонқул қишлоғи билан оралиқ масофаси 1 километрни ташкил этади. Ушбу мактабгача таълим ташкилотида ҳозирги кунда жами 225 нафар тарбиланувчи рўйхатга олинган. Уларнинг 46 нафари айнан Фармонқул қишлоғидан.

Бундан ташқари, Каттасайдов маҳалласига яқин бўлган Ўймовут маҳалласидаги 33-давлат мактабгача таълим ташкилотида 150 нафар 3-6 ёшли болалар қамраб олинган. Ташкилотнинг Фармонқул қишлоғи билан оралиқ масофаси 2,5 километрни ташкил этади.

Қолаверса, Фармонқул қишлоғи билан бирлашиб кетган Ўймовут маҳалласи, Жўрабой қишлоғида Санобар Санақулова ҳамда Ровот қишлоғида тадбиркор Муҳаббат Ибрагимовалар томонидан ҳар бири 25 ўринли оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилган.

Каттасайдов қишлоғида тадбиркор Бобир Қўзиев томонидан ташкил қилинган 25 ўринли оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритиб келмоқда (оралиқ масофаси 1,5 километр).

Шунингдек, Фармонқул қишлоғи билан оралиқ масофаси 3 километр бўлган Сарбозор маҳалласи, Чопорошли қишлоғида Муҳайё Ўралова ва Ўртасайдов қишлоғида Юлдуз Шакарова томонидан ташкил қилинган, ҳар бири 25 ўринли оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолият юритмоқда.

Шу ўринда яна бир маълумот, Каттасайдов маҳалласида яшовчи фуқаро Баҳодир Қурбонов ўз хонадонида вазирлик билан 2019 йил 7 мартда тузилган 1710-0/09 рақамли битим ва туман ҳокимлигининг 2019 йил 25 мартдаги №003-сонли рухсатномасига асосан 2019 йил 1 апрелдан бошлаб оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиб, фаолият юритиш ҳуқуқига эга.

Умуман, Каттасайдов маҳалласи фуқароларидан мактабгача таълим ташкилоти очиш истагида бўлган ташаббускор тадбиркорлар мавжуд бўлса, Президентимизнинг 2018 йил 5 апрелдаги «Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» ва Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 июлдаги “Оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасалари ҳамда оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолияти бўйича рухсатнома бериш тартиби тўғрисида низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорларига асосан амалий ёрдам кўрсатишга тайёрмиз.

Фармонқул қишлоғига яқин жойлашган мактабгача таълим ташкилотлари харитаси илова қилинади.

Пайариқ тумани мактабгача таълим бўлими.