Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Фермерлар етиштирган ғалла ҳосилдорлигига қараб, уларга 25 фоизгача устама ёки чегирма қўлланилади

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 ноябрдаги "Бошоқли дон етиштиришни янада рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига асосан 2019 йилдан ғаллакор фермерлар етиштирган бошоқли дон ҳосилдорлигига қараб, уларга 25 фоизгача устама ёки чегирма қўлланилади.

Бунда ҳосилдорлик гектаридан 41 дан 50 центнергача бўлганда 10 фоиз (120 минг), 51 дан 60 гача бўлганда 20 фоиз (240 минг), 61 ва ундан юқори бўлганда 25 фоиз (300 минг сўм) миқдорида устама, аксинча, ҳосилдорлик 30 центнер ва ундан кам бўлса 25 фоиз (300 минг сўм), 31 дан 40 центнергача бўлганида – 15 фоиз (180 минг сўм) чегирма билан ҳисоб-китоб қилинади.

Қарорга кўра, бошоқли дон етиштириш ва уни ўриб-йиғиб олиш билан боғлиқ агротехника юмушларини ўз вақтида ва сифатли ўтказиш, молиявий ва моддий-техника ресурсларини тўлиқ ва ўз вақтида етказиб бериш ва якуний ҳисоб-китоблар 2019 йил 1 сентябрга қадар тўлиқ амалга оширилиши белгилаб қўйилди. Бунинг учун вилоятимиздаги 9,5 мингдан ортиқ ғалла етиштирувчи фермерларни қўллаб-қувватлаш учун 374,1 миллиард сўм миқдорида кредит маблағи ажратилади.

Ҳозирда вилоятимизнинг суғориладиган ерларидаги ғалла майдонлари тўлиқ туплаш фазасига кирган, аксарият қисмининг ҳар гектарига 3-5 тоннадан маҳаллий ўғит чиқарилган. Аммо ривождан ортда қолаётган ғалла майдонлари ҳам йўқ эмас. Кейинги кунларда 577 фермер хўжалигидаги 7411 гектар ана шундай ғалла майдони ҳолати яхшиланди.

Қарор ижроси юзасидан назорат тадбирлари ҳам ўтказилмоқда. Унда айрим фермер хўжаликлари томонидан ғалла парваришида белгиланган агротехник тадбирларни вақтида амалга оширмаганлиги аниқланиб, уларга нисбатан тегишли қонуний чоралар қўлланилмоқда. Жумладан, 3 та туман ҳокимининг қарорини қонунга мувофиқлаштириш юзасидан протест, 4 та тақдимнома киритилди. 135 нафар масъул шахс расман огоҳлантирилиб, 80 нафар шахсга нисбатан маъмурий жавобгарликка оид иш қўзғатилди.

Кўрилаётган тадбирлар, таъсир чораларидан мақсад фермерларга ҳар гектар ердан 40 центнердан кам ғалла ҳосили олиш ерга нисбатан хиёнат эканини англатиш, аксинча 2019 йилда мўл ҳосил олиб, омборларимизни донга тўлдириш ҳам ўзига, ҳам давлатимизга катта наф эканини билдиришдан иборат.

Мухтор РУСТАМОВ,

Бош прокуратура ҳузуридаги агроинспекциянинг вилоят бошқармаси бош инспектори.