Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ФВВ кучли ёмғирлар оқибати ҳақида расмий маълумот берди

2019 йил 5-7 апрель кунлари Ўзбекистонда ҳудудларида кучли ёғингарчиликлар бўлиб ўтди. Ушбу ёғингарчиликлар баҳор ойларида бир ойда ёғадиган ёғин миқдори бир-неча соат ичида ёғиб ўтганлиги натижасида Қашқадарё, Самарқанд, Навоий, Жиззах ва Сурхондарё вилоятлардаги сел тошқин йўлларидаги айрим хонадоннинг томорқа ва ҳовлиларига сув кирган, деб хабар бермоқда ФВВ.

Қайд этилишича, юзага келган ҳолатларни бартараф этиш мақсадида ҳудудий ФВДқТ хизматлари куч-воситалари жалб қилиниб, ёмғир сувлари кирган хонадонларнинг томорқаларидан сувларни чиқариб ташлаш ишлари олиб борилган.

Шунингдек, ҳолат юзасидан вилоятлар ҳокимликларида штаб иши ташкил этилиб, ёмғир натижасида вилоят ҳудудида юзага келган вазиятга аниқликлар киритилмоқда.

Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳри ҳудудида 5 апрель куни сурункали ёмғир ёғиши натижасида юзага келган вазият оқибатларини бартараф этиш мақсадида 7 апрель куни вилоят ҳокими топшириғига асосан вилоят ФВБ, ИИБ, Архитектура ва қурилиш назорат инспекцияси, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги, Кадастр хизмати, Давлат санитария эпидемиология назорати маркази, Газ ва Электр таъминоти хизматлари мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, Самарқанд шаҳридаги А.Жомий, Маҳмуд Қошғарий, Оби Раҳмат, Бўстонсарой, Даҳбид, Истиқбол, Мир Саид Барака, Рўдакий, Мотрид, Буюк ипак йўли, Зарафшон темир йўл станцияси кўчаларида жойлашган якка тартибдаги аҳоли ҳовлиларининг ёмғир сувларидан зарар кўрган аҳоли хўжаликларини тўлиқ хатловдан ўтказиш тадбирлари олиб борилган.

Республика бўйича талафотларни бартараф этиш учун ФВДқТ хизматларининг 605 нафар ходими ва 115 та техникаси жалб этилган.

Бундан олдин, «Ўзбекистон темир йўллари» Деҳқонободдаги ҳодисага изоҳ берганди.