Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Газ қуйиш шохобчасида юз берган портлаш тафсилотлари маълум бўлди

Кеча, 16 январь куни тахминан соат 11:30 ларда Жиззах вилояти, Зарбдор тумани, Янгиҳаёт маҳалласида жойлашган “Gaz manbai” МЧЖга қарашли автомобилларга суюлтирилган газ (пропан) қуйиш шохобчасида портлаш юз бергани хабар қилинганди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти маълумотига кўра, пропан газ сақланаётган цистерна ёнида, ушбу МЧЖда оператор бўлиб ишлаган 40 ёшли Ш.А. темирларни кесиш мосламаси (болгарка)ни ишлатаётган вақтида, чақнаш содир бўлиши оқибатида 2,5 тонна суюлтирилган газ сақланаётган цистерна портлаган.

Оқибатда 40 ёшли Ш.А. ҳодиса жойида вафот этган. МЧЖ директори 44 ёшли Э.И. эса турли тан жароҳатлари билан шифохонага мурожаат қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиззах вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми “а” банди (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда, дейилади маълумотда.