Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Гулнора Каримовага тегишли бўлган 10 миллион долларлик активлар Ўзбекистонга қайтарилди

Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган мулкларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида жорий йилнинг 14 май куни Франциядан 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги активлар Ўзбекистонга қайтарилди, дея хабар қилди Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Мазкур маблағлар Ўзбекистон давлат бюджетига ўтказиб берилди ва умумий тартибда ишлатилади.

Қайд этиш жоизки, мулкларни қайтариш бўйича барча музокаралар ва тадбирлар расмий даражада Ўзбекистон қонунчилиги ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ олиб борилмоқда.

Хусусан, Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура томонидан Ўзбекистоннинг ваколатли идоралари иштирокида Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган 1,3 миллиард АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги мулкларни қайтариш бўйича Швейцария, АҚШ, Франция, Россия Федерацияси ва бошқа давлатларнинг ваколатли органлари билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.

Мазкур мулклар хорижий давлатларнинг ваколатли органлари томонидан ҳибсга олинганлиги муносабати билан улар Гулнора Каримова (унинг оила аъзолари)нинг тасарруфида эмас. Шу боис муқаддам айрим ОАВларда хабар берилганидек, Ўзбекистонга мулклар ва маблағлар бевосита Г.Каримова ёхуд бошқа алоҳида шахслар томонидан қайтарилиши мумкинлиги ҳақидаги мулоҳазалар ҳақиқатга тўғри келмаслиги яна бир бор таъкидланади.