Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳақини билган ҳуқуқидан айрилмайди - “Темурбеклар мактаби”нинг “қувилган” ўқитувчиси вазифасига тикланди

Нафиса Сайдалиева (исм, фамилиялар шартли) СамДУ физика факультетининг бакалавр, магистратура босқичларини тамомлаб, 2014 йил 5 февралда ҳарбий лицейда ўриндошлик асосида физика фанидан етакчи ўқитувчи вазифасига ишга қабул қилинган. Кейинроқ, аниқроғи 2017 йилда бош ўқитувчи лавозимига ўтказилган. Кейинги икки йилда кафедра мудири вазифасида ишлаган.

Президент қарорига асосан лицей “Темурбеклар мактаби”га айлантирилгач, ўқувчилар сони ва дарслар камайиб кетиши туфайли педагог кадрларни қисқартириш бўйича ўқитувчилар танлов асосида олиниши ҳақида огоҳлантириш хати берилган. Ҳамма машмаша шундан кейин бошланган.

2019 йил 21-22 август кунлари ўтказилган танловда барча қатори Н.Сайдалиева ҳам қатнашиб, ундан ўта олмаган. Мактаб директори 13 нафар танловдан ўтмаган ходимларга ўз ихтиёри билан ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзиб беришни талаб қилган.

Нафиса Сайдалиева ариза бермаган, аксинча, танлов Низом талаблари асосида ўтказилмаганлиги ҳақида Халқ қабулхонасига мурожаат қилган. Унинг аризаси ҳарбий прокуратура томонидан ўрганиб чиқилган ва 28 августда такроран танлов ўтказилиб, Н.Сайдалиева яна ундан ўтолмаганлиги сабабли нолойиқ деб топилиб, бу ҳақда баённома тузилган. Шу асосда меҳнат шартномасини бекор қилиш белгиланган ва 11 октябрда мактаб директорининг буйруғи билан баённома асос қилиниб, уни ишдан бўшатишган.

Энди Нафиса Сайдалиева ушбу буйруқни ғайриқонуний деб топиш, аввалги ишига қайта тиклаш, белгиланган тартибда мажбурий бекор юрган даври учун иш ҳақини ундириб беришни сўраб, фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига мурожаат қилган. Ишни кўриб чиққан суд ҳал қилув қарори билан даъво талабларини рад этган.

Бироқ даъвогар Н.Сайдалиева томонидан ҳал қилув қарорига нисбатан апелляция шикояти келтирилиб, унда ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишга тиклаш ва мажбурий прогул учун ҳақ ундириш ҳақида янги ҳал қилув қарори чиқариш сўралган.

Амалдаги қонун ҳужжатларида танлов фақат ишга қабул қилишда меҳнат шартномасини тузишдан аввал ўтказилиши лозимлиги ва танлов бўш (вакант) бўлган иш жойларига эълон қилиниши қайд этилган.

Низоли ҳолатда даъвогар Нафиса Сайдалиева академик лицейда 2014 йилдан бери ишлаб келаётган ўқитувчи эканлиги, шу боис танлов унга эмас, балки янги ишга қабул қилинадиган ўқитувчиларга нисбатан қўлланилиши лозим. Шу сабабли танловдан ўта олмаслик меҳнат шартномасини бекор қилиш учун мустақил асос бўла олмайди (мазкур асос Меҳнат кодексида ҳам назарда тутилмаган).

Бундан ташқари, иш ҳужжатларидаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси томонидан 2018 йил 18 январда берилган “Педагог кадрларнинг аттестациядан ўтганлиги тўғрисида”ги сертификатга кўра, Н.Сайдалиева 2017 йил 31 августда физика фанидан аттестациядан ўтган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 7 апрелдаги қарорига илова сифатида тасдиқланган “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва мактабдан ташқари давлат таълим муассасалари педогог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 5-бандига кўра, аттестация ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари педагог кадрлари учун ҳар уч йилда бир марта ўтказилади (ҳозирги кунда мазкур Низом янги таҳрирда қабул қилиниб, аттестация ўтказиш муддати 5 йил қилиб ўзгартирилган).

Юқоридагиларга кўра, судлов ҳайъати баённомани жавобгарнинг бажараётган ишига малакаси етарли эмаслигини исботловчи далил сифатида инобатга олмасликни лозим, деб ҳисоблади.

Апелляция инстанцияси суди иш юзасидан қуйидаги таҳрирда янги ҳал қилув қарори чиқариш лозим, деб топди:

Нафиса Сайдалиева “Темурбеклар мактаби”га нисбатан буйруқни ғайриқонуний деб топиш, ишга тиклаш ва мажбурий бекор юрган даври учун иш ҳақи ундириш тўғрисидаги даъво аризаси қисман қаноатлантирилсин.

“Темурбеклар мактаби”нинг 2019 йил 11 октябрдаги буйруғининг Н.Сайдалиевага тегишли қисми ғайриқонуний деб топилиб, у ушбу мактабдаги физика фани ўқитувчиси лавозимига тикланиши белгиланди.

Мактабдан даъвогар фойдасига мажбурий бекор юрган даври учун 18 миллион 32 минг 51 сўм ундириладиган бўлди. Шунингдек, лицейдан давлат фойдасига 1 миллион 167 минг сўм давлат божи ундирилсин.

Ш.РАМАЗОНОВ,

фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди судьяси.