Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳайдовчи ЙПХ инспекторига пора таклиф қилди

Йўл харакати қоидаларини менсимаган, тегишли ҳужжатларга эга бўлмаган қоидабузар ҳайдовчига қонуний чора кўрилди. Унинг автомобили жарима майдонига олиб келинди. У эса йўл-патруль хизмати инспекторига пора таклиф қилди.

Наманган вилояти ЙҲХБ ЙПХО 3-сафарбарлик гуруҳи ЙПХ инспектори Наманган вилояти ИИБ бошлиғи номига билдирги билан мурожаат қилиб, унда тонгги йўриқномадан сўнг тақсимот асосида Мингбулоқ тумани ҳудудига хизматга бириктирилганлигини, шу куни соат 13:30 ларда Мингбулоқ тумани марказида хизмат олиб бораётган вақтида “Матиз” русумли, автомашинани тўхтатиб, ҳайдовчининг ҳужжатлари билан танишмоқчи бўлганда, унинг ҳеч қандай ҳужжатлари йўқлигини аниқлаб, ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирган. Сўнгра автомашинани жарима майдонига олиб борганида, ҳайдовчи маъмурий баённома расмийлаштирмаслик ва автомашинасини жарима майдонидан олиб чиқиб кетиш эвазига 400.000 сўм миқдоридаги пул маблағларини пора тариқасида таклиф қилаётганлигини билдириб, фуқарога нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Инспекторнинг билдиргисига асосан ИИВ ЎХБ Наманган вилояти бўйича бўлими ҳамда Мингбулоқ тумани прокуратураси масъул ходимлари билан ҳамкорликда тезкор-тадбир белгиланиб, ҳайдовчи ЙПХ инспекторига 400.000 сўм миқдоридаги пул маблағларини пора тариқасида берган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган ва тегишли тартибда процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Наманган вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Мингбулоқ тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.