Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳайдовчилик гувоҳномаси янгисига алмаштирилиши керакми?

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 мартдаги “Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намуналарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан республикамиз ҳудудида 2017 йил 1 октябрдан бошлаб ўрнатилган тартибда миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг янги намуналари берилиши йўлга қўйилди.

Бу ҳақда эшитган ва билган фуқароларда савол туғилиши табиий: эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш шартми?

Ҳа, шарт. 2020 йил 31 декабрга қадар эски намунадаги барча миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига алмаштирилиши керак.

Негаки, эски намунадаги гувоҳнома берилган санаси ва амал қилиш муддатидан қатъи назар, кўрсатилган муддатгача янгисига алмаштирилмаса 2021 йил 1 январдан ҳақиқий ҳисобланмайди.

Дарвоқе, янги намунадаги гувоҳномага эгасининг шахсини тасдиқловчи расмий давлат ҳужжати мақоми берилган.

Қандай ҳужжатлар талаб этилади, тўлов миқдори қанча?

- Эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси, унинг талони ҳамда ҳайдовчининг фуқаролик паспорти нусхаси тақдим этилиши керак, - дейди Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси бош мутахассиси Бегзод Исаев. – Фуқаро тегишли ариза намунасини тўлдириб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 фоизи миқдорида давлат божи тўлайди.

Айни пайтда ҳайдовчилик гувоҳномаси ва талонини янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига вилоят ИИБ ЙҲХБ рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлимида, шунингдек, Каттақўрғон туманидаги 1-, Самарқанд туманидаги 2-, Оқдарё туманидаги 3-туманлараро рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлинмаларида алмаштириш мумкин.

Бу амалиёт 2018 йил 1 июндан тажриба-синов тариқасида Паст Дарғом тумани давлат хизматлари марказида йўлга қўйилган.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Паст Дарғом тумани давлат хизматлари марказида ўтган давр мобайнида 7451 та эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси янгисига алмаштирилган.

Муаммо нимада?

Юқорида ҳам айдик, 2021 йил 1 январдан бошлаб эски намунадаги барча ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳақиқий эмас, деб топилади. Табиийки, бу ҳайдовчилик гувоҳномалари билан автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳайдовчилик гувоҳномасисиз автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳисобланади. Бундай ҳолда жавобгарлик белгиланиши, транспорт воситаси жарима майдончасига қўйилиши ҳам мумкин.

Шу боис, кунига уч юзга яқин фуқаро йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати вилоят бошқармаси ва ҳудудий бўлимларининг рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлимларида эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ва талонини янги намунадаги гувоҳномага алмаштириш учун келяпти. Бу табиийки, жараён икки гоҳида уч соатгача чўзилишига сабаб бўляпти.

Аслида, бу хизматни нари борса 20 минутда якунлаш мумкин. Бироқ мурожаат қилаётганлар сони кўплиги ортиқча вақт сарфланишига сабаб бўляпти.

Бундан ташқари, бугун рўзғоридан ортмаётган Қўшработ, Пахтачи, Нуробод ва Ургут туманларидаги ҳайдовчи бир кун йўқотиб, яна ортиқча харажат қилиб йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳудудий бўлимларининг рўйхатга олиш ва имтиҳон бўлимларига келиб-кетади, дейсизми? Ҳаммасидаям имконият йўқ, албатта.

Хизмат кўрсатиш нуқтаси кўпаймайдими?

- Эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштиришни барча туманларда йўлга қўйилишидан биз ҳам манфаатдормиз, - дейди Б.Исаев.

- Аммо бу хизмат турини жойларда йўлга қўйиш биргина давлат хизматлари марказлари билан боғлиқ эмас. Бу албатта, ЙҲХБ билан ҳамкорликда амалга оширилади. Шу боис, бошқа туманларда эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштириш хизматини йўлга қўйиш бўйича вилоят ИИБ ЙҲХБга бир неча маротаба мурожаат қилганмиз. Ҳозир қўшимча штатимиз йўқ, дейишяпти. Чунки, бу хизматни амалга ошириш учун марказга ЙҲХнинг бир нафар ходими келиб ўтириши шарт бўлади.

Бундан ташқари, ҳозирча тегишли ускуналар йўқлиги боис, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш бўйича қўшимча нуқталар ташкил қилолмаймиз, деган мазмунда жавоб берилган.

Тошкентда бору, самарқандда йўқми?

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, 2019 йил 1 апрелдан ҳайдовчилик гувоҳномаларини ҳайдовчи қаерда прописка қилинганидан қатъи назар давлат хизматлари марказларида алмаштириши мумкин. Ушбу хабарда қайд этилишича, Тошкентда жойлашган 11 та марказнинг 7 таси зарур ускуналар билан жиҳозланган ва ушбу марказларда гувоҳномаларни алмаштириш йўлга қўйилган. Самарқандда эса ...

- Бугун вилоят ИИБ ЙҲХБ ҳамда 3 та туманлараро рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлим ҳамда бўлинмалари, шунингдек, давлат хизматлари маркази Паст Дарғом туман бўлимида эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш мумкин, - дейди вилоят ИИБ ЙҲХБ рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлими бошлиғи Аҳмад Ҳасанов. - Биздаги ҳисоб-китоблар бўйича вилоят бўйича 470 минг киши ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштириши керак. Бугунги кунгача умумий ҳисобда 191 мингдан кўпроқ эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси янгисига алмаштирилди.

Шу боис, мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, ҳайдовчиларга қулайлик яратиш мақсадида давлат хизматлари марказларининг Нуробод, Пайариқ ва Ургут туманлари, Самарқанд шаҳар бўлимида ускуна ўрнатиш бўйича юқори ташкилотимизга мурожаат қилганмиз. Бироқ бу масала бугунги кунгача ўз ечимини топгани йўқ.

Эртага, бир йилдан сўнг ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштиролмаган ҳайдовчи ҳужжатсиз транспорт воситасини бошқарган ҳайдовчи сифатида маъмурий жавобгарликка тортилса, машинаси жарима майдончасига қўйилса, у кимдан норози бўлади? Табиийки, давлатдан, бугунги сиёсатдан, олиб борилаётган ислоҳотлардан.

Тўғри, мутасаддиларнинг айтганларида ҳам жон бордир. Аммо барибир одамларимиз рози бўлиши учун давлат хизматлари марказларининг барча туман бўлимларида ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштиришни йўлга қўйиш ШАРТ.

Ё.ГАДОЕВ.