Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳокимга билдирган мурожаатимиз эътиборга олинди. Аммо...

“Самарқанд тумани Қуйи туркман маҳалласидан ёзяпмиз.

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг телеграм каналига бир неча бор қишлоғимиздан ўтадиган Нарпай кўчасига яқин жойлашган 36-умумий ўрта таълим мактаби ва “Жемчужина” болалар боғчаси яқинидаги чорраҳага сетофор ўрнатиш масаласида мурожаат йўллаган эдик.

Мазкур мурожаатимиз ўрнатилган тартибда кўриб чиқилди. Натижада илтимосимиз қисман бўлса-да, қаноатлантирилди. Аммо светофор талаб даражасида ўрнатилмади. Жумладан, аслида тўрт томондан автотранспорт ва пиёдалар ҳаракатланадиган ушбу чорраҳанинг уч тарафигагина светофор ўрнатилди, холос. Чорраҳанинг бир тарафига эса светофор ўрнатиш ишлари чала қолиб кетди. Қолганда ҳам айнан, болалар боғчаси тарафдан келиш йўлига светофор ўрнатилмади. Оқибатда кўчанинг бу қисмидан пиёдалар, автоуловлар Нарпай кўчасига чиқишда қийинчиликларга дуч келяпти.

 Яна бир ноқулайлик жиҳати, ўрнатилган сетофорлар дарахт шохларининг орқасида қолиб кетди. Бугун барглари тўкилган дарахтлар светофор чироқларининг кўринишида унчалик халақит бермаётгандек, туюлиши мумкин. Лекин баҳорда, дов-дарахт уйғонган палла буни яққол ҳис этишимиз, табиий.

Сетофор ўрнатилгани бўйича йўл белгилари ҳам қўйилмади. Назаримизда, мазкур светофорлар мурожаатимизни ёпиш учун, мутахассислар, шу ерда истиқомат қилувчи аҳоли билан маслаҳатлашмасдан ўрнатилди.

Муаммо юзасидан Самарқанд тумани автойўл ходимларига бир эмас, бир неча бор мурожаат қилдик. Натижа бўлмаяпти.

Р.Муҳаммадиева,

Самарқанд туманидаги “Жемчужина” НМТТ раҳбари.

Т.Абдурашидов,

36-мактаб директори.

А.Ҳайдаров,

Қуйи туркман МФЙ раиси”.