Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ички ишлар вазирлиги “Agromir Buildings” корхонаси атрофидаги миш-мишларга ойдинлик киритди

Бир муддат аввал ИИВ ахборот хизмати томонидан жорий йилнинг 6 ноябрь куни Самарқанд шаҳар, Қора-сув массиви, Обод Маскан маҳалласи ҳудудида “Agromir Buildings” корхонаси томонидан қурилаётган кўп қаватли уйларнинг қурилиш майдонида қурилиш-монтаж ишларини олиб бораётган ишчилар ўртасида ўзаро келишмовчилик оқибатида жанжал келиб чиққанлиги ҳақида маълумот берилган эди. 

Унда фуқаролардан, мазкур ҳолатнинг барча тафсилотлари аниқланиб, тергов якунига кўра тўлиқ ахборот берилишига қадар, ижтимоий тармоқларда айланаётган видео тасвирларга номақбул изоҳлар беришларидан ўзларини тийишларини сўралган. Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати ижтимоий тармоқлардаги фикрларга нисбатан расмий муносабатини эълон қилди.

“Афсуски айрим ижтимоий тармоқларда, бўлиб ўтган воқеани бўрттириб кўрсатиш, мамлакатимиз фуқароларини миллатчиликда айблаш ҳамда ўзбек-турк муносабатларига совуқчилик тушириш мақсадида, бўлиб ўтган ҳодисага гўёки “Турк ишчилари ошхонада ишлайдиган маҳаллий аëлни зўрлаганлиги оқибатида” ёки “Жанжал маҳаллий ишчиларнинг ўзлари ва туркларга айни иш учун берилаëтган ойлигидаги катта фарқидан келиб чиққан” деган важларни келтириш ҳолатлари кузатилди“, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, воқеадан бехабар айрим фуқароларимиз, ушбу важларга берилиб, салбий изоҳларни тарқалишига сабабчи бўлмоқдалар.

2019 йилнинг 6 ноябрь куни Самарқанд шаҳар, Қора сув массиви, Обод Маскан маҳалласи ҳудудида “Agromir Buildings” МЧЖ томонидан қурилаётган кўп қаватли уйларнинг қурилиш майдонида қурилиш-монтаж ишларини олиб бораётган, Туркия давлати фуқаролари билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ўртасидаги келишмовчилик оқибатида, ўзаро тан жароҳатлари етказилган.

“Суриштирув жараёнида, мазкур жанжал 1996 йилда туғилган Пайариқ тумани “Тохиршайх” маҳалласида яшовчи, якка тартибда мавсумий меҳнат билан шуғулланувчи ўзбек фуқароси С.П. “Agromir Buildings” МЧЖ томонидан ёлланган қурувчи-монтажчи бир нечта турк фуқаролари билан оловда исиниш баҳонасидан келиб чиққанлиги, шундан сўнг низо авжига чиқиб, юзага келган жанжалга қурилишга ёлланган бошқа Ўзбекистон фуқаролари аралашган ва бир бирларига тан жароҳатлари етказилганлиги аниқланди“, дея қайд этилган хабарда.

Маълумотларга қараганда, қурилиш ишларига 1800 дан кўп Ўзбекистон Республикаси ҳамда 200 нафардан ортиқ Туркия давлати фуқаролари жалб этилган.

Ушбу ҳолат натижасида Туркия давлати фуқароларидан тўрт нафари ва маҳаллий фуқаролардан бир нафари енгил тан жароҳати олишган.

Суриштирув жараёнида шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 277-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Туркия фуқароларидан 4 нафари жабрланувчи, 11 нафари жанжалда иштирок этган фаол гувоҳ тариқасида ушбу жиноят ишига жалб этилган.

Шунингдек, 7 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг жабрланганлиги, жиноят ишидаги иштирокчилик ва айблилик даражасига тергов ҳаракатлари давомида тўлиқ аниқлик киритилади.

Ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти мутасадди ходимлари томонидан ишчилар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилган, дейилади ИИВ Ахборот хизмати томонидан эълон қилинган муносабатда.

ЎзА