Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ИИБ ходимига қаршилик кўрсатган “қаҳрамон” 10 суткага қамалди

Жорий йил 3 май куни тунги соат 1:30 ларда Самарқанд тумани Қўшкўприк маҳалласида яшовчи И.Л. спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда, баланд овозда, турли ҳақоратли сўзлар билан аҳоли осойишталигини бузади. Бу ҳам етмагандек, айни кунларда ўрнатилган карантин қоидаларига қатъий амал қилиш, мақсадсиз кўчага чиқмаслик, тиббий ниқоб тақиб юриш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлигини унутиб қўяди.

Мазкур маҳалла ҳудудида ўз хизмат вазифасини ўтаётган туман ИИБ ходимлари тегишли тушунтириш беришига қарамасдан, И.Л. уларга қаршилик кўрсатиб, ўзининг одатини давом эттиришга урунади. Афсуски, бу ишлар фуқаронинг биринчи марта қонунни бузиши эмаслиги суд залида ойдинлашади.

У 2019 йил 25 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 187-моддаси 1-қисми билан маъмурий жавобгарликка тортилиб, мазкур модда билан энг кам ойлик иш ҳақининг иккидан бир қисми миқдорида жарима жазоси тайинланган бўлса-да, бундан тегишли хулоса чиқармаган. Тарки одат – амри маҳол, деганларидек у яна қонунга итоат қилмайди.

Самарқанд тумани маъмурий суди ҳуқуқбузар И.Л.ни Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 54-моддаси 1-қисми, 187-моддаси 2-қисми, 183-моддаси ва 194-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик ҳаракатларини содир қилган, деб топади. Унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 (беш) баравари, яъни 1.115.000 (бир миллион бир юз ўн беш минг) сўм миқдорида жарима ҳамда 10 (ўн) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланади.

Зафар КАРИМОВ,

Самарқанд тумани маъмурий суди раиси.