Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ИИВ: “Ҳуррият” газетасида чоп этилган “Ёлғиз аёлга зўғим” номли мақола ўрганилди

2019 йил 9 октябрь куни “Ҳуррият” газетасининг 36-сонида чоп этилган “Ёлғиз аёлга зўғим” номли мақола чоп этилган. Мазкур мақолада келтирилган ҳолатлар ИИВ томонидан ўрганилди ва натижалар маълум қилинди.

Аниқланишича, аслида 2019 йил 9 март куни вилоят ҳокими раҳбарлигида Қоровулбозор тумани 18-болалар мусиқа ва санъат мактаби биносида ҳокимият ишчи гуруҳи аъзолари билан йиғилиш ўтказилган. Р.Мусурмонова шу куни соат 11:45 да мактаб биносига келиб, йиғилиш залига кирмоқчи бўлганида, туман ҳокимияти, прокуратураси ва ИИБ ходимлари залда ҳокимият ишчи гуруҳи аъзолари билан йиғилиш бошланганлиги ва йиғилишга халақит бермаслигини тушунтириб, вилоят ҳокимини ташқарида кутиб туриши мумкинлиги ҳақида айтган.

Бироқ Р.Мусурмонова ИИБ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан жамоат тартибини бузганлиги учун Қоровулбозор тумани Чўлқувар МФЙ биносига олиб борилиб, у билан тушунтириш ишлари олиб борилган. Шунга қарамасдан, Р.Мусурмонова маҳалла раиси билан жанжаллашган. Юқоридаги ҳолатлар тегишли тартибда расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилиш учун Қоровулбозор тумани маъмурий судига тақдим қилинган.

2019 йил 25 март куни Қоровулбозор тумани маъмурий суди томонидан Р.Мусурмоновага нисбатан тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқилиб, фуқаро Р.Мусурмонова Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси 1-қисми, 195-моддаси ва 40-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликларни содир қилганликда айбли, деб топилган.

Шунингдек, 2019 йил 24 июнь куни фуқаро Р.Мусурмонова ИИВнинг виртуал қабулхонасига мурожаат қилиб, 2019 йил 9 март куни Қоровулбозор туманида Бухоро вилояти ҳокимининг сайёр қабулига келган вақтида уни ИИБ ходимлари сайёр қабулга киришига тўсқинлик қилиб, қўпол муносабатда бўлганликларини билдирган.

Р.Мусурмонованинг ИИВ виртуал қабулхонасига йўллаган ушбу мурожаати юзасидан ўтказилган хизмат текшируви хулосаси якуни билан Р.Мусурмонованинг мурожаатидаги важлари ўз тасдиғини топмаганлиги ҳамда шу ерда бўлган ходимлар томонидан хизмат интизоми ва қонун талаблари бузилмаган, деб топилган.

Фуқаро Р.Мусурмонованинг яшаш жойи ўрганилганида, у ўз манфаатлари йўлида мавжуд муаммоларини ижобий ҳал қилиш мақсадида мансабдор шахсларга туҳмат қилиб, юқори турувчи идораларга ариза билан мурожаат қилувчи фуқаро сифатида таърифланганлигини инобатга олиб, 2019 йил 11 октябрь куни ИИВ тезкор-маълумотлар базасидан текширилганида, Р.Мусурмонова шундай ҳолатлар билан боғлиқ 3 маротаба маъмурий ва 2 маротаба жиноий жавобгарликка тортилганлиги аниқланди.

Мисол учун, Р.Мусурмонова 2011 йил 31 июль куни майор Ф.Шодиевга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, Қоровулбозор тумани прокуратурасига ёзган аризаси юзасидан тўпланган ҳужжатлар Қоровулбозор тумани маъмурий ишлар бўйича суди томонидан кўриб чиқилганида, суд жараёнида Р.Мусурмонова майор Ф.Шодиевга туҳмат қилганлиги ўз тасдиғини топган.

2013 йил 18 июль куни жиноят ишлари бўйича Когон тумани суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга 2 йил 6 ой муддатда ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

2018 йил 27 май куни жиноят ишлари бўйича Қоровулбозор тумани суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139-моддасида кўрсатилган (туҳмат) жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, жиноий жавобгарликдан озод қилинган.