Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ижрога муносабат - раҳбарнинг юзи

Кўпчилик раҳбар деганда фақат топшириқ, вазифа берувчи кишини тушунади. Аслида ундай эмас, раҳбар, энг аввало, ижрочи шахс.

Ижрога муносабат раҳбарнинг юзидир. Мисол учун, бизда Ҳаракатлар стратегияси ишлаб чиқилган. Унга мувофиқ, ҳар бир соҳа, ҳар бир йўналиш бўйича муҳокамадан сўнг тасдиқланган дастур, лойиҳа ва режалар мавжуд. Уларда ижро муддати, молиявий манбаси, масъул шахс, ҳатто ҳамкор ташкилотгача кўрсатиб берилган.

Тўғри, оқилона режа ишнинг ярми, дегани. Аммо ижро масъулияти шаклланмаса, ҳар қандай истиқболли режа ҳам қоғозда қолиб кетаверади. Баъзан дастурлар ижросининг таҳлили чоғида номаъқул ҳолатга дуч келамиз. Гарчи ҳар бир лойиҳада унинг ижрочиси, ижро муддати аниқ кўрсатилган бўлса-да, айрим раҳбарлар муддат яқинлашганда ёки вилоят ҳокимлигидан “туртки” берилсагина уни бажаришга киришиб қолади. Оқибатда муддат кам қолиб, иш пала-партиш бажарилади.

Ҳар бир лойиҳа, аввало, ижрочининг розилиги ва кафолатидан кейин тасдиқланади. Яъни, “Мен билмабман, ниманидир ҳисобга олмабсизлар” деган баҳонага ўрин йўқ. Минг афсуски, бу баҳонани ҳозирча эшитишга тўғри келяпти. Бундан ташқари, “Эътибор қилмабман, энди ўзим шуғулланаман, ўринбосаримга ишонмайман” дегувчи раҳбарлар ҳам бор. Ваҳоланки, бундай ноқулай вазиятга тушмасликнинг йўли ҳам, имконияти ҳам бор. Келинг, уларни санаб ўтайлик:

Биринчидан, режа ва лойиҳалардан жамоатчиликни хабардор этиш. Яъни, уларни газета, радио, телевидение ва ижтимоий тармоқларда эълон қилиш. Демоқчимизки, жамоатчилик орасидан бу лойиҳалар ижросини сўровчи топилади, масъул шахс масъулиятини эслатиб туради.

Иккинчидан, ижрони муддат етганда эмас, балки ҳар бир босқич якунида мутасаддидан сўраб туриш. Акс ҳолда айрим масъуллар тегишли ҳамкор ташкилотларга хат юбориб, унинг жавоби ва ижросини суриштирмасдан, ўз вазифамни бажардим, деб юраверади.

Учинчидан, раҳбарликнинг энг оғир ҳолати ижро аҳволини таҳлил қилишда. Бунинг учун лойиҳа ижроси куннинг муайян қисмида, ҳафтанинг белгиланган кунида телефон орқали сўраб туриш, вақт топиб, ижрони бориб кўришдир. Ана шу ерга келганда ҳали оқсаяпмиз. Эсимиздан чиқади, ҳафсала қилмаяпмиз, ўринбосарга ишонамиз.

Мисол учун, Самарқанд шаҳар Қорасув массивидаги уй-жой қурилишида қурувчилар жамоатчилик томонидан ишнинг бориши сўралганидан кейин «жонланишди». Бинода бўяш ишлари кетаётганига қарамасдан атрофида ободончилик ва коммуникация ишлари бошланмаган. Унумдор тупроқ келтирилиб, дарахт кўчатлари ва майса экилмаган. Агар сўралмаса, тошлоқ, қумлоқ устига кўчат, майса экиб, қўя қоларди.

Туманларда хотин-қизларга иш ўрни яратиш мақсадида тикувчилик мажмуалари қуриш ва уларни ишга туширишда ҳам шундай ҳолатга дуч келдик. Арзимаган ишлар баҳона бундай муҳим цехларни ишга тушириш пайсалга солиб келинаётган экан.

Хулоса шу: ижро ҳар бир раҳбардан юксак интизом ва масъулият талаб этади. Ҳар биримиз халқ олдида ижрочи эканимизни унутмайлик.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.