Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ижтимоий тармоқларда тарқалган Самарқанд шаҳрида ёнаётган трансформатор видеоси юзасидан маълумот берилди (видео+фото)

Жорий йилнинг 4 октябрь куни “Эхо Узбекистана” телеграм каналида Самарқанд шаҳрида ёнаётган трасформатор юзасидан видео жойланган эди.

Ўзбекистон Республикаси ФВВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмаси ушбу видео юзасидан қуйидагиларни маълум қилди.

4 октябрь куни соат 15:19 да Самарқанд шаҳри Аҳиллик маҳалласи, Р.Узоқова кўчаси, 55-уй ёнида ёнғин содир бўлаётганлиги ҳақида ёнғин-қутқарув қисмига хабар келиб тушган.

Воқеа жойига битта ёнғин ўчириш бўлинмаси йўналтирилган. Бўлинма чақирилган манзилга 3 дақиқада етиб борган вақтида яшаш уйи олдида жойлашган “ТП-250 18-20” русумдаги трансформатор очиқ аланга билан ёнаётганлиги маълум бўлган.

Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 15:26 да қуршаб олиниб, соат 15:40 да тўлиқ бартараф этилган. Ёнғин жойи олдидаги яшаш уйининг 150 квадрат метр майдони сақлаб қолинган.

Тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар қайд этилмаган. Ёнғинга трансформаторнинг қизиб кетиши сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.  Моддий зарар миқдори аниқланмоқда.