Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Имомлар ободонлаштириш ходимларига ҳиммат кўрсатди

Орамизда шундай касб эгалари борки, машаққатли меҳнати қаҳрамонликка лойиқ бўлса-да, уларнинг қадрига етмаймиз. Заҳматли меҳнатларига паст назар билан қараймиз, уларни гоҳида камситамиз. Аммо англамаймизки, Аллоҳнинг наздида биздан кўра, уларнинг меҳнати қадрлироқ, заҳматига мукофотлари кўпроқ.

Бугун Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов ва бир гуруҳ имомлар ана шундай меҳнаткаш, фидойи инсонлар ҳолидан хабар олди. Ҳомий ва эҳсонпарвар кишилар томонидан берилган тиббий ниқоблар ва совғалар Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг ободонлаштириш бошқармасида хизмат қилаётган ишчи-хизматчиларга тарқатилди.

- Бу арзимас совғалар оз бўлса-да, ишчи-ходимларга моддий кўмак бўлсин, - деди З.Эшонқулов. - Катта-катта мукофот, ажр ва савобларни эса Аллоҳ таолонинг Ўзи ато қилади, иншааллоҳ. Азизлар, бу инсонларнинг меҳнатларини қадрига етайлик. Ҳозирги вазият ҳаммамизга ойдек равшан. Шундай ҳолатда ҳам шаҳримизнинг ҳар бир қарич жойини тозалаб, ораста ҳолга келтираётган, ўзларининг ушбу саъй-ҳаракати самарасида биз яшаб турган масканга файз-барака зиёда бўлишига сабаб бўладиган касб эгаларига ўз миннатдорчилигимизни билдирайлик. Зеро, озода жойда хотиржамлик бўлади, бало-қазо нари кетади.