Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жарроҳликда ҳал қилувчи ҳодиса – новокаиннинг кашф этилиши

Кокаин келтириб чиқарадиган оқибатлардан ҳафсаласи пир бўлиб, умидсизликка тушган Альфред Эйнхорн 13 йил давомида оғриқсизлантирувчи моддани синтезлаб новокаинни кашф қилди. У ўзининг бу кашфиёти учун бир тийин ҳам ишлаб олмади.

1906 йилда дунё фармацевтика бозорида янги оғриқсизлантувчи модда – прокаин пайдо бўлди. Унинг сотуви аллақачон новокаин номи билан йўлга қўйилган эди. Бундай ном дарҳол харидорларга янги кокаинга дуч келгани ҳақидаги ғояни уйғотиши керак эди. Гап шундаки, XIX асрнинг охири XX аср бошларида кокаин ёввойи шуҳрат қозонди. Ундан нафақат жарроҳлик амалиётида оғриқ қолдирувчи дори сифатида, балки узоқни кўролмаслик, кўз касаллиги, невралгия, қорин шиши ва яна бир қатор бошқа касалликларни даволаш учун дори воситаси сифатида фойдаланиларди.

Лекин тезда кокаиннинг инсон танасига ҳалокатли таъсир кўрсатиши   аниқланди. Гап нафақат кока ўсимлигининг баргларидан ажралиб олинган модданинг юқори токсиклигида эмас, балки инсоннинг кейинчалик унга оғриқли тобелик пайдо бўлиши тўғрисида борарди. Шунда олимлар ўзининг оғриқсизлантириш хусусиятига кўра, кокаиндан қолишмайдиган ва доза миқдори кўпайган сари инсонни ўлим ҳолатига олиб бормайдиган аналогни яратишни ўз олдиига мақсад қилиб қўйишди. Бунинг учун кокаиннинг кимёвий таркиби ва хусусиятларини ўрганиб, ундан бирикмалар ҳосил қилиш ва формуласини керакли натижага ўзгартириш керак эди.

Немис кимёгари Альфред Эйнхорн ўзининг новокаинни синтез қилиш бўйича илмий тажрибасини 1892 йилда бошлаган эди. Кейинги йилларда унинг ҳамкасблари томонидан янгидан-янги оғриқ қолдирувчи воситалар таклиф қилинарди. Аммо уларнинг хусусиятлари бошқасидан кескин фарқ қилиб, фақат юзаки оғриқ қолдирувчи сифатида қўлланиши мумкинлигини кўрсатарди.

Эйнхорн эса қуйидаги мезонларга жавоб берувчи моддани синтез қилишни режалаштирди: у сувга эрувчан, маълум меъёрда токсик бўлмаган, жарроҳликда қўлланиладиган, стерилланганда парчаланиб кетмайдиган ва юборилган жойини қичитмайдиган восита бўлиши керак эди. Ушбу изланишларга у 13 йил вақтини сарфлади.

Альфред Эйнхорн 1856 йилда Гамбург шаҳрида савдогар яҳудий оиласида дунёга келди. Ота-онаси вафот этганида у 10 ёшда эди. Шундан кейин унга қариндошлари ғамхўрлик қилишди. Лейпциг шаҳридаги яқинлариникига кўчиб ўтган Альфред шу ерда мактабни битириб, университетга ўқишга кирди ва кимё фанини ўрганишни бошлади. Ўқишини тугатиб, Тюбинген университетида ўқитувчилик қилди ва 1800 йилда фан доктори даражасини олди. Кейин Мюнхен унивеситетида фаолият юритувчи, Нобель мукофоти лауреати Адольф фон Байернинг тадқиқот жамоасида, кейинчалик Дармштатд унивеситетида приват-доцентлик вазифасини бажарди. Сўнгра Германия Ғарбидаги Ахен шаҳрининг Пруссия қироллик университетида профессорлик унвонига эришди.

Ҳаммаси яхши эди, лекин Альфред фақатгина таълим билан чекланиб қолишни истамади. У ўзини илмий изланишларга бағишламоқчи бўлди ва 1891 йилда фон Байернинг лабораториясига қайтди. Мюнхенга келиши биланоқ у ўзининг мўъжазгина, аммо ўзига хос лабораториясини бошқарди. Айнан шу ерда у шогирдлари билан кокаин таркибини ўрганишни бошлади ва бутунлай ножўя таъсир кўрсатадиган дори ўрнини босувчи воситани топишга эътиборини қаратди.

Бироқ прокаинни кашф қилиш учун у яна бир неча йил сарфлади. Оралиқда синтез қилинган моддалар Эйнхорнни ўз хусусиятлари билан қониқтирмади. Шунга қарамай, 1904 йилда у керакли натижага эришди ва кимёвий таркиби учун патент олди ва уни прокаин деб номлади.

Прокаин “новокаин” номи билан жаҳон бозорига чиқди ва оғриқсизлантирувчи дорининг янги даврини бошлаб берди. Клиник тадқиқотларни ўша давр фармацевтик янгиликларнинг машҳур синовчиси, немис жарроҳи Генрих Браун ўтказди. Кейинчалик у ўзининг хотираларида новокаинни қабул қилиш далилларини “Жарроҳликда ҳал қилувчи ҳодиса” деб номлади.

Эйнхорнинг кашфиёти унинг кейинги ҳаётига деярли таъсир кўрсатмади. Илҳомлантирувчи муваффақият одатдагидан ҳам кўп ишларга йўл очди. Йирик фармацевтика корхоналари Эйнхорннинг собиқ талабаларини ишга олиб, новокаин ишлаб чиқаришни бошлади. У эса лабораториясида кечаю-кундуз тинмай ишларди. 1913 йилда унинг ёлғиз 17 яшар ўғли вафот этганидан кейин ғам-ғусса уни ҳолдан тойдирди, илмий фаолияти зоҳидликка юз тутди. Олимнинг соғлиғи ёмонлашиб, 1917 йилда  муваффақиятсиз қилинган ичак операциясидан сўнг вафот этди.

Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, 1898 йилда олим прокаин устида ишлаш чоғида бугунги кунда бутун дунёда муваффақиятли қўлланилиб келинаётган яна бир модда сирини очди. Кимёвий реакцияларнинг бирида кўмир кислотасининг полимер эфири – шаффоф, шишадан енгил ва ўн баравар кучли, кейинчалик поликарбонат номи билан танилган қаттиқ пластмассани кашф қилди. Ўша пайтда у анестетик дори билан банд бўлгани сабаб поликарбонат ХХ асрнинг ўрталарида бошқа мутахассислар томонидан патент қилинди.

Қизиғи, 1976 йилда Исроилда иссиқхоналар сиртини қоплашда шиша ва акрил ўрнини босувчи материални танлаш зарурияти туғилганда ушбу модданинг ноаниқлигига чек қўйилди ва биринчи мумтарак поликарбонат варақаси яратилди.

Баҳора МУҲАММАДИЕВА таржимаси.