Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жаслиқдаги маҳбусларнинг кейинги тақдири нима бўлади?

Бугун Ўзбекистон Миллий матбуот марказида «Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 19-сон ихтисослашитирилган жазони ижро этиш колониясини тугатиш тўғрисида»ги («Жаслиқ» қўрғонида жойлашган) Қарор ижроси ва таҳлили юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтмоқда, деб ёзади Human.uz.

Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган ва узоқ йиллар давомида қийноқлар, миш-мишлар билан ном чиқарган мазкур жазони ижро этиш колониясига бағишланган матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари  Баҳромбек Адилов иштирок этяпти.

"Бу мамлакат учун тарихий қарор бўлди. Халқаро ҳамжамият Ўзбекистоннинг келгуси ривожланишидаги долзарб қарор сифатида эътироф этди. Бир қатор сиёсий экспертлар бу қарорни сиёсий жасорат деб атади", - деди ИИВ ўринбосари Баҳром Адилов.

Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, айни пайтда у  ердаги 395 нафар маҳбус (шундан 10 фоизи диний экстремизм билан қамалган) доимий яшаш жойига энг  яқин ҳудуддаги жазони ижро этиш колониясига кўчирилади.

1999 йилдан буён Жаслиқда қанча инсон вафот этгани ёки қанчаси оғир тан жароҳати олгани ҳақидаги саволга аниқ статистикага эга эмаслиги маълум қилинди.

Адиловнинг сўзларига қараганда, у ерда турли ёшдаги маҳбуслар бор. Масалан, юрак хуружидан ёки бирор сурункали касалликдан вафот этган бўлиши мумкин.