Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жазо муддатини ўтаган хотин-қизларнинг муаммолари тингланди

Жомбой туманида жазони ижро этиш муассасасидан қайтган, пробация гуруҳида ҳисобда туриб, жазо муддатини ўтаётган, назорат остидаги хотин-қизлар иштирокида “Биз соғлом ҳаёт тарафдоримиз” шиори остидаги маънавий маърифий тадбир ташкил этилди.

Тадбир доирасида хотин-қизлар эрта тонгдан Самарқанд шаҳридаги зиёратгоҳларга саёҳатга олиб борилди ва вилоятнинг диққатга сазовор жойлари, юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишдилар.

Шундан сўнг, тадбир иштирокчилари тумандаги Зарафшон миллий боғи, ҳайвонот дунёси билан танишдилар.

Иштирокчиларига туман ҳокимлиги ва ички ишлар бўлими томонидан бадиий китоблар совға қилинди. Туман маданият бўлими санъаткорлари томонидан концерт дастури намойиш этилди.

Тадбирда иштирок этган туман имом хатиби оилада ота-онанинг бурчи ва вазифалари, фарзанд тарбиясида амал қилиниши лозим бўлган инсоний фазилатлар хақида тўхталиб ўтди. Тиббиёт ходимлари томонидан хотин-қизларнинг соғлигини тиклаш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш борасидаги саволларга жавоб бериб, тиббий маслаҳатлар беришди.

Туман ҳокими У. Назаров тадбир иштирокчилари билан суҳбат ўтказиб, уларнинг муаммоларини ҳал этиш юзасидан мутасадди масъулларга вазифалар белгилаб берди.