Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жиззахда “ёниб кетган” сигаретлар Самарқанддан топилди

Шу йилнинг ёз фаслида Жиззах вилояти ҳудудидан ўтувчи М-39 автомагистрали орқали ҳаракатланган йўловчиларнинг ёниб кетган “DAF” русумли юк автомашинасига кўзи тушган бўлиши керак.

Гап шундаки, 2019 йил 7 июль куни У.А. исмли шахс бошқарувида бўлган мазкур “DAF” русумли автоулов тиркамасида юкланган, қиймати 121 минг АҚШ долларлик 550 минг қути чет элда ишлаб чиқарилган сигарет маҳсулотлари билан Қирғизистон Республикасига транзит ўтказиш учун Бухоро вилоятининг “Олот” чегара божхона пости орқали Ўзбекистон Республикасига кириб келган.

Бироқ ушбу автотранспорт воситаси 2019 йил 14 июль куни гўёки Жиззах вилояти ҳудудида тиркамасининг орқа қисмидан ёнғин чиқиши натижасида юкхонасидаги сигарет маҳсулотлари билан биргаликда ёниб кетганлиги ҳақида ҳайдовчи томонидан хабар берилган.

Ҳайдовчи тўқиган чўпчакка кўра, автотранспорт воситасининг орқа ўнг томон шинасининг ёниши оқибатида келиб чиққан ёнғин оқибатида автотранспорт воситаси ва ундаги сигарет маҳсулотлари бутунлай ёниб кетган ва уни ўчириш имконияти бўлмаган эмиш.

Аммо катта миқдордаги сигаретлар ортилган ушбу автоуловнинг тўсатдан ёниб кетиши ҳақида ҳайдовчи айтган гаплар божхона ходимларини сергак торттирди.

Чунки ушбу сигаретлар агарда Ўзбекистон Республикасида божхона расмийлаштирувидан ўтказилганида 6,6 миллиард сўм божхона тўловлари тўланиши керак эди.

Шу тариқа Самарқанд ва Жиззах вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 182-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.

Давлат хавфсизлик хизмати Жиззах вилояти бошқармаси тергов бўлими ҳамда давлат божхона қўмитаси ходимлари томонидан олиб борилган ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида ушбу жиноят фош этилди. Яшириб қўйилган сигаретлар Самарқанддан топилди.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.