Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жомбойда халқ кутубхонаси очилди

Жомбой туманининг Кўкгумбаз маҳалласида жойлашган маданият ва аҳоли дам олиш маркази қошида халқ кутубхонаси ташкил этилди.

Президентимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббуснинг бири ёшлар ўртасида мутолаа маданияти ва китобхонлик кўникмасини шакллантириш ҳисобланади. Ушбу лойиҳа бўйича нафақат марказий шаҳарлар, балки чекка ҳудудларда ҳам кутубхоналар ташкил этилаётгани қувонарли.

Кўкгумбаз маҳалласи туманимиз марказидан бир мунча узоқ бўлиб, яқин атрофда мақтангулик ахборот-ресурс маркази йўқ. Шу маънода бошланган ушбу хайрли ташаббуснинг аҳамияти катта.

Кутубхона фаолияти учун маданият ва аҳоли дам олиш марказидан 2 та хона ажратилган. Стол-стул, замонавий компьютерлар жамланмаси билан таъминланган. Бир сўз билан айтганда, китобхон ёшлар учун барча зарур шароитлар бор.

– Ушбу соҳада қирқ йилдан ортиқ фаолият юритдим, – дейди кутубхона раҳбари Гулнора Турсунқулова. – Янги ташкил этилган кутубхонамизнинг ўзига хослиги бу ерда нафақат бадиий асар, балки ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий адабиётлар, тикувчилик, санъат, тиббиёт каби ўнлаб соҳаларга оид китобларни ҳам топиш мумкин. Болалар адабиёти рукнига алоҳида эътибор қаратганмиз.

Айни пайтда кутубхона фондини 1200 дан ортиқ адабиётлар ташкил этмоқда. Аҳоли ўртасида кутубхонани бойитиш бўйича хайрия акцияси ўтказиш ҳам режалаштирилмоқда.